2024 йил 15 декабрдан 2025 йил 12 январга қадар бир қатор йўналишларда қўшимча поезд қатновлари ташкил этилади.
«Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати хабарига кўра, қўшимча қатновлар ва вагонлар қишки таътил даврида йўловчиларнинг темир йўл транспорти қатновларига бўлган талабини қондириш мақсадида йўлга қўйилмоқда.
Қўшимча қатновлар:
- Тошкент — Урганч — Тошкент йўналишида 2024 йил 17 декабрдан бошлаб 18 та қўшимча қатнов амалга оширилади.
- Самарқанд — Тошкент — Самарқанд йўналишида 2024 йил 15 декабрдан бошлаб, «Афросиёб» тезюрар электропоезди қўшимча 30 та қатновни амалга оширади.
Қуйидаги йўналишларда 2024 йил 20 декабрдан ҳар куни 4 та қўшимча пласкарт вагонлари қўшилади.
- Тошкент — Қўнғирот — Тошкент;
- Тошкент — Термиз — Тошкент;
- Тошкент — Урганч — Тошкент;
- Тошкент — Сариосиё — Тошкент.
Эслатиб ўтамиз, ОТМ талабалари ва техникум, касб-ҳунар мактаби, академик лицейлар ўқувчилари 25 декабрдан қишки таътилга чиқади. Дарслар 8 январдан бошланади.
Uzbekistan Airways давлат муассасасида таҳсил олувчи талабалар учун барча маҳаллий авиақатновларнинг эконом-класс авиачипталари тарифларига 50 фоизгача чегирма эълон қилган.
«Ўзбекистон темир йўллари» талабаларга 23 декабрь-10 январь оралиғидаги маҳаллий қатновлар чипталари учун 50 фоизлик чегирма эълон қилган. SV/VIP классдаги вагонлар ва «Афросиёб» электропоездлари бундан мустасно.
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети биноларида чипта сотиб олиш учун сайёр кассалар ташкил этилди. Mазкур сайёр кассаларда талабалар темирйўл ҳамда автобус қатновларига чипталарни сотиб олишлари мумкин.