Ўзбекистонда газ ва электр энергияси нархини давлат бюджетидан субсидиялаш 2028 йилда якунланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун муҳокамасига бағишланган мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Сенатор Анвар Туйчиев 2025 йилда давлат бюджетидан субсидиялар учун 28,3 трлн сўм йўналтириш режалаштирилганини қайд этиб ўтди. Шундан 12,3 трлн сўм энергетика тармоғига, яъни газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш ёки сотиб олишнинг бозор нархи билан уларнинг ички бозордаги чакана нархлари ўртасидаги тафовутни қоплаш (7,5 трлн сўм), шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналарига субсидиялар учун йўналтирилади (4,8 трлн сўм — 2024 йилга нисбатан 600 млрд сўмга кўп).
«Бундай шароитда соҳани субсидиялаш бўйича ёндашувларимиз ҳам бозор тамойилларига мос равишда ўзгариб бориши керак эмасми? Энергетика соҳасини субсидиялашда келгусида бу соҳани самарадорлиги қандай бўлади, бу тарифларга қандай таъсир қилади? Шу ҳақда изоҳ беришингизни сўрайман», — деди у.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу масалани «жуда долзарб» деб атади.
«Бундай бўлишининг асосий сабаби шундан иборатки, электр энергия, газ ва иссиқлик энергияси бўладими — ҳар бир маҳсулот ўз харажатларини қоплаши ва кейинги ривожланиши учун маълум фойда келтириши керак. Бизда шундай вазият вужудга келдики, тарифларни ошириш учун аввало одамларнинг даромадини маълум бир даражага етказиб олиш лозим эди. Шунинг учун аввал одамлар бир даромад топсин, деган хулосага келинди, чунки, тарифларни тўлаш учун ҳам пул керак, албатта. Бу йиллар давомида биз камбағаллар сонини икки баравар қисқартирдик. Буларнинг барчаси энергетика соҳасидаги ислоҳотлар учун бир пойдевор яратди деб айтсак бўлади. Чунки оширилган тарифни тўлаш учун ҳар қандай оиланинг ҳам шунга яраша даромади бўлиши керак бўлади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, тарифлар ҳали ҳам харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиқмаган.
«Бу биринчи сабаби. Иккинчиси бу — биз газнинг бир қисмини импорт қилаётганимиз. Шунинг учун энди тарифларни харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага ўтказишдан бошқа иложимиз йўқ. Жорий йилда тарифлар оширилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2025 йил 1 апрелдан уларни яна бир карра ошириш таклифи мақулланган. Насиб бўлса, келгуси йил 1 апрелдан бу тарифлар ошади», — деди бош вазир ўринбосари.
2025 йилда газ субсидиялари учун 7 трлн сўм, электр энергияси учун 500 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган. 2024 йилда бундай харажатларга жами 12 трлн сўм маблағ ажратиш белгиланган.
«Бу субсидияларни бериш қачон тўхтайди, деб савол берадиган бўлсангиз, 2025−2026 йилларда бу давом этади, 2027 йилда кескин пасаяди, насиб бўлса ва 2028 йилдан бошлаб бюджетидан субсидиялар берилмайди», — дея ишонтирди у.
«Газета.uz» аввалроқ бюджетномага таяниб, 2023−2024 йилларда тарифлар оширилгани ва 2025 йил 1 апрелдан яна оширилиши режалаштирилганига қарамай, келгуси йилда газ нархидаги фарқни қоплаш учун 7 трлн сўм (2024 йилда 9,5 трлн сўм сарфланиши режалаштирилган), электр энергияси учун 0,5 трлн сўм (2024 йилда 2,5 трлн сўм), иссиқлик таъминоти корхоналарига субсидиялар учун 4,8 трлн сўм (2024 йилда 4,2 трлн сўм) ажратиш кўзда тутилгани ҳақида ёзганди.
Шу билан бирга, 2026 йилда субсидиялар миқдори 11 трлн сўмгача камайиши прогноз қилинаётган бўлса, 2027 йилдан бошлаб бу кўрсаткич 11,6 трлн сўмгача ошиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари 2027 йилдан бошлаб субсидиялар миқдорида «кескин пасайиш» бўлишини айтди.
«Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар қачон ва нима билан ўз якунига етади, десангиз, электр энергия ва газнинг чакана ҳамда улгуржи бозорини шакллантириш билан бу масала ўз якунига етади. Шунда бу соҳага бюджетидан субсидиялар беришга ҳеч қандай эҳтиёжлар қолмайди», — деди у.
Таннарх шаклланишидаги мавҳумлик
2024 йил апрель ойидаги маълумотларга кўра, электр энергияси таннархи 1 кВт/соат учун 1000 сўмга яқин, газники эса — кубометри учун 2000 сўм атрофида ҳисобланади. У корхоналарнинг операцион харажатларини, шу жумладан инвестиция лойиҳалари ва кредитларни қайтариш билан боғлиқ харажатларни ҳам ўз ичига олади. 2023 йил сентабрь ойида Энергетика вазирлиги 1 кВт/соат электр энергияси нархи 970 сўм (2022 йил майига нисбатан +21,2 фоиз), газнинг бир кубометри эса 1890 сўм (+35 фоиз) эканлигини маълум қилганди.
«Хавотир шундаки, бизнинг қилган ислоҳотимиз [биринчи босқичда тарифларни ошириш — таҳр.] битта қадам бўлиб, 2−3 йилдан кейин яна ўзининг [таъсирини] йўқотади. Нимага десангиз, ҳозир биз [нархларни] таннархга гўёки олиб келяпмиз, лекин 2−3 йилда ҳозирги, энергияда шаффофлик йўқ тизим билан ким кафолат беради таннархлар яна икки баробар ошиб кетмаслигига?» — деганди Дониёр Ғаниев.
Ҳукумат электр энергиясининг нархи ҳозирда 1 кВт/соат учун 1000 сўмни ташкил этишини даъво қилмоқда, бироқ «биз билмаяпмиз бу токнинг таннархи қаердан ҳисобланаётганини», — дейди Ғаниев.
«Яъни газни сотиб олаётган, қазиб олаётган хусусийдан неча пулга оляпти, давлатникидан неча пулга оляпти, қайси кредитларнинг оператив харажатлари ўтирибди бу ерда, қайси йўқотишлар, қайси самарасизлик, ўғриликлар, талон-торожликлар ўтирибди бунинг ичида… буни аниқ билмаяпмиз, шаффоф рақамлар йўқ, афсуски. Улар берган рақамга ишонишга мажбур бўляпмиз», — дея қўшимча қилганди парламентарий.
Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни бўлиб йиғилишда 2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлаганди. Давлат раҳбари ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш эканини айтганди.