Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига ташриф буюрди.
Мажмуа давлат раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, ўша йилнинг 17 апрелида унинг қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтган.
Биринчи босқичда қарийб 20 гектар майдонда технопарк барпо этилмоқда. У маъмурий марказ, тадқиқот ва ривожланиш маркази (R&D), фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги лабораторияси, клиник тадқиқотлар маркази, Фармацевтика техник университети ҳамда виварийни ўз ичига олади.
Бугунги кунда маъмурий марказ қуриб битказилган. 11 қаватли ушбу бинода Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, конференция зали, коворкинг маркази, бизнес инкубатор, кутубхона, соҳа тарихи музейи жойлашган.
Кластердан асосий мақсад — юқори технологияларни жорий этиш орқали мамлакат фармацевтика тармоғини ривожлантириш, халқаро инновацион тизимга интеграциялашиш, юқори сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқариш, малакали мутахассислар тайёрлаш.
Ушбу кенг кўламли мақсадлардан келиб чиқиб, Тошкент вилояти Зангиота туманидан 190 гектар ер майдони ажратилган.
Қайд этилишича, саноат зонасида умумий қиймати 818 миллион долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг биринчиси — Grand Pharm Logistics Hub томонидан 40 миллион долларлик дистрибюторлик маркази ишга туширилди ва 300 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Корхоналар Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Келгусида саноат зонаси ҳудудида умумий қиймати 620 миллион долларлик 20 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Кластерда юқори сифатли дори-дармонлар ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади, импорт бўлаётган маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади, 8 минг иш ўрни яратилади. Зарур амалиётлар маркази (GxP) товарларнинг тайёрланишидан истеъмолчига етиб боришигача бўлган барча босқичларда халқаро стандартларга мувофиқлик ва сифатни таъминлашга кўмаклашади.
Давлат раҳбарига кластер таркибига кирувчи Фармацевтика техника университети ҳақида ҳам маълумот берилди.
Университетда фармакопея маркази, кутубхона, спорт мажмуаси, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой бўлади. Саноат фармацияси, биокимё ва биотиббиёт, биотехнология, биофармацевтика, биоинформатика каби йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Бунинг учун таълим халқаро дастурлар асосида йўлга қўйилади, микробиология, биотехнология, хужайра биологияси, фармакология, таҳлилий кимё каби лабораториялар ташкил этилади.
Университет жорий ўқув йилида ўзининг илк талабаларини қабул қилди. Президент улар билан суҳбатлашди.
«Биз ривожланган давлатлардан инвесторлар олиб келяпмиз. Улар Ўзбекистонга қандай қилиб баҳо беради? Сизлар билан мулоқот қилиб. Мамлакатимизнинг бойлиги — ёшлар! Фармацевтика бўйича ҳам энг яхши дастурларни қўллаб, келажак учун мутахассисларни тайёрлаб олмасак, бошқаларга пул тўлаймиз, боғлиқ бўлиб қоламиз. Шунинг учун замонавий университет ташкил қилиб, дуал таълимни йўлга қўйяпмиз. Бу ерда ҳам билим оласизлар, ҳам ўқиганларингизни амалда қўллаш имкониятига эга бўласиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Университет битирувчиларига Ёнсе (Жанубий Корея), Сандерленд ва Де Монтфорт (Буюк Британия) университетларининг халқаро дипломлари топширилади. Бундан ташқари, Данди, Пусан ва Пурдю университетлари билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган.