Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспорти бўйича келишувни 2025 йилгача узайтирди, деб хабар қилди Afghanistan Breshna Shirkat (DABS) компанияси матбуот хизмати.
Шу ҳафтада Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация Афғонистонга ташриф буюрди. Энергетика вазирлиги раҳбари DABS бош директори Абдул Бари Умар билан музокаралар ўтказди.
Учрашув якунига кўра, «Ўзэнергосотиш» ва Афғонистоннинг DABS компанияси ўртасида 2025 йилга мўлжалланган электр энергиясини сотиб олиш шартномаси (PPA) тузилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистондан Афғонистонга 500 кВ электр узатиш линиясини қуриш бўйича «ҳар томонлама ва батафсил» техник муҳокамалар ўтказди.
Мамлакатлар батафсил техник таҳлиллар якунлангач, Сурхондан Пули-Хумригача бўлган йўналиш бўйлаб, сўнгра Кобулга етиб борадиган электр узатиш линиясини яратиш бўйича ишларни бошлашга келишиб олди. Ушбу электр узатиш линиясида иш бошлаш санаси бир неча бор орқага сурилган.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида Афғонистонга суткалик 24 миллион кВт/соат ёки йилига 6 миллиард кВт/соат энергия етказиб берилади. Лойиҳа бўйича электр тармоғининг умумий узунлиги 245,6 км. Шундан 45 км Ўзбекистон ҳудудида, 200,6 км Афғонистон ҳудудида.
2022 йил июль ойида Афғонистондаги лойиҳа қиймати 100,1 миллион долларга баҳоланган.
TOLO News маълумотларига кўра, Афғонистон ҳозирда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг атиги 20 фоизини ички ишлаб чиқаради, электр энергиясининг 80 фоизи эса Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт қилинади. Толибон Тожикистон билан ноябрь охирида, Туркманистон билан эса 7 декабрда шартнома имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ва Афғонистон электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувни 2024 йилгача узайтирган эди.
2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистоннинг «Миллий электр тармоқлари» корхонаси Da Afghanistan Breshna Sherkat компанияси билан 10 йил муддатга электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома тузганди. Ўшанда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев дастлабки босқичда етказиб бериш ҳажми 4,2 миллиард киловатт/соатни ташкил этиб, кейинчалик 6 миллиард киловатт/соатга етказилишини маълум қилганди.
Ўзбекистон 2002 йилдан буён Афғонистонга мунтазам равишда электр энергияси етказиб бермоқда. Шу вақт ичида етказиб бериш ҳажми 62 миллион киловатт/соатдан 2019 йил якунига кўра қарийб 2,6 миллиард киловатт/соатгача ошган. 2023 йилда Афғонистон томонига 91,18 миллион долларга 1,82 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берилган (бир кВт/соат учун тахминан 5 цент).