Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида эркак ва унинг уч фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бош прокуратура ахборот хизмати бу маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.
Хабарга кўра, ҳодиса 17 декабрь куни содир бўлган. 46 ёшли эркак, унинг бир ўғил ва икки қизи иситиш тизимидан чиққан ис газидан заҳарланиш оқибатида ўз яшаш хонадонида вафот этган.
Аниқлик киритилишича, уйнинг ертўласида ўрнатилган замонавий иситиш қозонининг ёнган ис гази чиқиши учун ўрнатилган мўрининг умумий ҳаво тортиш мўрисига уланган қисмидан газ сизиб чиққан.
Ҳодиса юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 26 ноябрига қадар республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та (2023 йилда 86 та) бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Ўтган даврда 82 нафар (2023 йилда 88 нафар) фуқаро газ билан боғлиқ ҳодисаларда вафот этди. Яна 80 киши (119 нафар) турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Вафот этганларнинг 75 нафари ис газидан заҳарланган. Уларнинг аксарияти Фарғона, Хоразм ва Жиззах вилоятларига вилоятларига тўғри келади. Айрим ҳолатларда дудбурон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган.