Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни газ қазиб олишнинг жорий ҳолати ва уни янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Унда «Ўзбекнефтгаз» раиси Баҳодиржон Сидиқов жорий йилда бажарилган ишлар ҳамда 2025 йилги устувор вазифалар тўғрисида ахборот берди. Унинг айтишича, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда келаси йил газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш лойиҳалари шакллантирилган. Хусусан, замонавий технологиялар жалб қилиниб, янги эксплуатация қудуқларини бурғилаш ҳамда эскиларини таъмирлаш режалаштирилган.
Йиғилишда тармоқдаги асосий муаммо сифатида геология-қидирув ишларига узоқ йиллар етарлича эътибор қаратилмагани кўрсатилди. Оқибатда айрим конлар фойдаланиш муддатини деярли ўтаб бўлган, яна баъзиларининг самарадорлиги паст. Шунинг учун замонавий технология олиб келиб, 15 та янги истиқболли майдонда геология-қидирув ишлари бошланади. Сейсмик қидирув ҳудуди 6,5 минг квадрат километрга кенгайтирилади.
Президент мутасаддиларга йирик хорижий компаниялар ва экспертларни жалб этган ҳолда, геологияни ривожлантириш ва янги конларни ўзлаштириш бўйича 2025 йил учун дастур ишлаб чиқишни топширди.
«Ўзбекнефтгаз» трансформацияси давом эттирилиши режалаштирилмоқда, унинг асосий вазифалардан бири таннархни 8 фоизга қисқартириш ва халқаро кредит рейтингини яхшилаш бўлади. 2025 йилда унинг ишлаб чиқариш лойиҳалари ва геология-қидирув ишларини молиялаштириш учун 2 млрд долларлик хорижий кредитларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
«Ўзбекистон 24» телеканали ўз сюжетида газ қазиб олиш ҳажми (кўрсаткич қайси давр билан солиштирилгани айтилмаган) кўпайиб, кунига 76 млн куб метргача етказилгани ҳақида хабар берди, шунингдек, аҳоли ва иқтисодиёт талабига мос равишда энергия етказиб берилаётгани айтилди.
Статистика агентлигининг расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида газ қазиб олиш ҳажми октябрь ойида 3,6 млрд куб метргача камайган, бу 2023 йил октябрь ойига (3,79 млрд) нисбатан 5 фоизга (189,7 млн куб метрга) ва 2022 йил сентябрь ойига (4,23 млрд) нисбатан 14,8 фоизга кам.
Январь-октябрь оралиғида қазиб олиш ҳажми 37,1 млрд куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,87 млрд куб метрга кам. 2019 йилнинг шу даврига нисбатан (50,1 млрд) пасайиш 13 млрд куб метрни ташкил этди. Бу аҳолининг йиллик газ истеъмоли ҳажмидан (2022 йил учун) кўпроқ.
Йил бошидан буён Ўзбекистонга газ импорти қиймати 1,36 млрд долларга етди, бу 2023 йилнинг дастлабки 10 ойидаги кўрсаткичдан 2,4 баробар кўп. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини ошириш режалари ҳақида маълум қилганди.
Бу даврда Ўзбекистондан газ экспорти 540,4 млн долларга (+17,9 фоиз) ошди. Ҳукумат аввалроқ 2025 йилдан бошлаб газ экспортини тўхтатиш режалари борлиги ҳақида эълон қилганди.
Жорий йилги қиш мавсумида Ўзбекистон истеъмолчиларига 21 млрд куб метр газ етказиб бериш режалаштирилмоқда.