Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилоти Исроил Ғазодаги минглаб фаластинликларни тоза сувдан маҳрум қилиш орқали ўлдирганини билдирди, бу қонуний равишда геноцид ва қирғин актларига тенг келади.
«Ғазода тинч фаластинликларнинг оммавий ўлдирилиши доирасида амалга оширилган бу сиёсат Исроил ҳукумати инсониятга қарши қирғин жиноятини содир этганини англатади, бу жиноят давом этмоқда. Бу сиёсат, шунингдек, 1948 йилги геноцид конвенциясига мувофиқ «геноцид акти»га тенгдир», — дейилади ҳисоботда.
Исроил бир неча бор геноцид айбловларини рад этиб, ҲАМАС ҳужумидан бери халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилаётгани ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлайди.
Reuters`га кўра, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги мазкур айбловга жавобан «Ҳақиқат HRW ёлғонларининг бутунлай тескарисидир» дея баёнот берди. «Уруш бошланганидан бери Исроил ҲАМАС террорчилик ташкилотининг доимий ҳужумлари остида ҳаракат қилишига қарамай, Ғазога сув ва гуманитар ёрдамнинг узлуксиз оқимини таъминлаб келмоқда», — дейилади баёнотда.
«Биз Исроил ҳукумати Ғазодаги фаластинликларни яшаш учун зарур бўлган сувдан маҳрум қилиш орқали атайлаб ўлдираётганини аниқладик», — деди Human Rights Watch ташкилотининг Яқин Шарқ бўйича директори Лама Факиҳ матбуот анжуманида.
Исроил ўз жавобида сув инфратузилмаси ишини таъминлаганини таъкидлади. Қайд этилишича, халқаро ҳамкорлар ўтган ҳафта ҳам Исроил орқали сув танкерларини жўнатган ва Исроил Ғазога 1,2 миллион тоннадан ортиқ гуманитар юкларни олиб киришга ёрдам берган.
Халқаро амнистия ташкилоти Исроил геноцид содир этяпти, деган хулосага келган ҳисоботни эълон қилгандан сўнг Human Rights Watch Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини тавсифлаш учун геноцид сўзини ишлатган бир ой ичидаги иккинчи йирик инсон ҳуқуқлари ташкилоти бўлди.
Иккала ҳисобот ҳам Халқаро жиноий суд Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва унинг собиқ мудофаа раҳбарига уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганидан бир неча ҳафта ўтиб эълон қилинди.
HRW ташкилотининг 184 саҳифали ҳисоботида айтилишича, Исроил ҳукумати Ғазога сув қувурларини ўтказишни тўхтатди, электр энергияси ва ёнилғини чеклаб қўйди, бу эса Ғазонинг ўз сув ва канализация объектларидан фойдалана олмаслигини англатади.
Оқибатда Ғазодаги фаластинликлар кўплаб ҳудудларда кунига атиги бир неча литр сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб қолди, бу эса яшаб қолиш учун зарур бўлган 15 литрлик чегарадан анча паст, дейди ташкилот.
Исроилнинг 2023 йил октябридан бери қилаётган ҳужумлари сабабли ҳозиргача 45 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 2,3 миллион аҳолининг аксарияти кўчирилди ва қирғоқ анклавининг катта қисми вайронага айланди.