Ушбу материал дастлаб 2024 йил 26 ноябрда рус тилида эълон қилинган.
Глобал экологик фонднинг кичик грантлар дастури (ГЭФ КГД) Сирдарё вилоятидаги 30 йил давомида кўмир билан иситилган қишлоқ мактабларидан бирида иссиқлик насосларини жорий этишнинг иқтисодий фойда ва харажатлари таҳлилини тақдим этди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Кўмир билан иситишнинг нимаси ёмон?
Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 6700 дан ортиғи — жами мактабларнинг 60 фоизи қишлоқ ҳудудларда жойлашгани ва сифатсиз кўмир билан иситилаётгани, бунинг оқибатида таълим муассасаларида ҳарорат СанҚваМга мувофиқ белгиланган минимал даражага етмаслиги ҳақида ёзган эди. Оқибатда болалар ўқув йилининг аксарият қисмида шундай ноқулай шароитларда таълим олади, ўқитувчилар дарс беради. Устки кийимлар, жумладан, қалпоқ ва қўлқоплар Ўзбекистон қишлоқ мактабларининг қишки дресc-кодига айланиб улгурган.
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 19-сонли мактабнинг синфхоналаридан бири, 2022 йил қишида. Фото: ГЭФ КГД.
«Ўз-ўзидан, таълим сифати ҳам шароитга мос бўлади. Бу Ўзбекистонда инсон капиталининг ривожланишига жуда жиддий салбий таъсир кўрсатади», — дейди ГЭФ КГДнинг Ўзбекистондаги миллий координатори Алексей Волков.
Мактабларга бир иситиш мавсумида 70−90 тонна кўмир етказиб берилади (архив маълумотларига кўра, бу совет давридагига қараганда уч баравар кам). Шунда ҳам бу кўмирнинг асосий қисми чангдан иборат. Кўмирнинг йирик бўлаклари элакдан ўтказилади, чангдан эса «кулчалар» ясалиб, сўнг печкага ташланади.
Боёвут туманидаги 19-сонли мактабга 2022 йилда етказиб берилган кўмир. Фото: ГЭФ КГД.
Қишлоқ мактабларини қаттиқ ёқилғи билан иситиш учун уч турдаги қурилмалардан фойдаланилади: модулли қозонхоналар, замонавий узоқ ёнувчи қозонлар ва қўлбола (буржуй) печлар. Сўнггиси гравитацион иситиш тамойили бўйича ишлайди ва бутун мактаб биносини ўраб олади, чунки уларнинг ҳар бири уч-тўртта хонани иситишга мўлжалланган. 1991−2016 йилларда қишлоқ мактабларининг аксарияти айнан шу тизимга ўтказилган. Чунки электр энергияси танқислиги туфайли мактаблардаги марказлаштирилган кўмир қозонхоналарининг циркуляцион насослари ишламай қолган.
Лойиҳа муҳандисининг сўзларига кўра, кўмир қозонхоналарининг муаммоси шундаки, бинони иситиш учун аввал бутун тизимни қиздириб олиш керак: сув қувуридаги сув ҳарорати керакли 60 даражага етиши учун узоқ вақт — 10−12 соат талаб қилинади. Бу, қозоннинг фойдали иш коэффициентидан ташқари, ускуна ва хомашёнинг техник хусусиятлари билан ҳам боғлиқ: кўмир паст калорияли бўлгани учун иссиқлик ташувчи (иситиш тизимидаги сув)ни ва мос равишда хоналарни иситиш учун зарур бўлган ёқилғи миқдори қозонларнинг ёниш камерасига сиғмайди. Ўтхонага кўпи 54 кг ёқилғи кетади. Кўпроқ ёқилғи сиғдиролган тақдирингизда ҳам, у шунчаки ёнмайди. Шу боис қиздириш вақти 10−12 соатга чўзилади. Мактабларда алоҳида штат бирлигида ишлайдиган ўт ёқувчилар уларни эрталаб соат 5 да иситишни бошлайди. Тизим керакли миқдорда иссиқлик ишлаб чиқаришни бошлаганида, аллақачон дарслар тугаб, болалар уйига қайтган бўлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда барқарор демографик ўсиш туфайли ҳали ҳам мактаб етишмовчилиги муаммоси бор, шунинг учун мамлакатдаги барча умумтаълим муассасаларининг 70 фоиздан ортиғи икки сменада ишлайди. Уларнинг аксарияти реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда иситиш тизимини яхшилашга муҳтож.
Бугунги кунда давлат томонидан мактабларга ажратилаётган қаттиқ ёқилғининг асосий қисми тизимни узоқ вақт қиздириб олиш учунгина сарфланмоқда. Агар давлат маҳаллий кўмир етказиб беришни 10 баравар оширса ёки импорт кўмир сотиб олишни бошласа ва ҳар бир мактабга 200−250 тоннадан сифатли кўмир ажратса, вазият яхшиланиши мумкин. Лекин унда ҳаво сифати нима бўлади?
Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳозирнинг ўзида Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши йилига 3000 тагача бевақт ўлимга сабаб бўляпти. Инсон умрини қисқартирадиган ифлос ёқилғи ва 11 йилни партада ўқиш хаёли билан эмас, балки совқотмасликни ўйлаб ўтказадиган битирувчилар чиқадиган совуқ ўқув хоналарига ижобий муқобил борми?
ГЭФ КГД 2023 йили Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 19-мактабда муқобил ва экологик тоза иситиш тизимини синовдан ўтказиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини ишга туширган эди. Муассасага «ҳаво-сув» тамойили асосида ишлайдиган иссиқлик насосларини ўрнатиш таклиф қилинди. Ускуналар электр энергияси билан ишлайди. Энергия трансформацияси ҳисобига технология 1 кВт электр энергиясидан 3,5 кВт иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Таққослаш учун, кўмир қозони 1 кВт ёқилғини 0,7 кВт иссиқлик энергиясига айлантиради.
«Ушбу лойиҳа орқали қандай қилиб тоза технология ёрдамида мактабни иситиш ва санитария меъёрларига эришиш мумкинлигини синаб кўришни истадик», — дейди Алексей Волков.
Алексей Волков. Фото: Green Development Platform / Telegram.
Унинг қўшимча қилишича, иссиқлик насослари синфхоналарни иситиш ва совутиш, шунингдек, сув ва иссиқ полларни иситиш учун ишлатилади, шунинг учун улардан ёз мавсумида ҳам фойдаланиш мумкин.
Тажриба-синов мактабида лойиҳа натижалари
19-сонли мактаб 4000 квадрат метр майдонга эга намунавий ўқув муассасаси ҳисобланади. Мактаб 500 ўқувчига мўлжалланган. Уни иситиш учун 320 кВт иссиқлик энергияси қуввати талаб этилади.
Мактабда насосларни ўрнатишдан олдин Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан капитал таъмирлаш ишлари ўтказилди. Бу лойиҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилди, чунки илгари таълим муассасасида ўрнатилган дераза ромлари эски эди. Улар иссиқлик йўқотишларини сезиларли даражада оширарди. Реконструкция доирасида эски деразалар пластик ромларга алмаштирилди, шунингдек, том таъмирланди, янги радиаторлар ўрнатилди ва иситиш тизимидаги эски қувурлар янгиланди.
Иссиқлик насослари.
«Муҳим жиҳати шундаки, мактабларнинг мавжуд иситиш тизимларига иссиқлик насосларини жорий этиш учун кўп нарсани қайта қуриш шарт эмас, — дейди Алексей Волков. — Биз иссиқлик насосини кўмир қозоннинг ўрнига ўрнатяпмиз, бутун иситиш тизими эса — батарея ва қувурлар — ўз ҳолида қолдирилиши мумкин. Албатта, самарадорликни ошириш учун кўп имкониятлар бор, лекин бутун тизимни ўзгартирмаслик ҳам мумкин. Бу эса технологияни жорий қилиш харажатларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга».
Лойиҳа натижалари 2023 йилнинг 13 ноябридан 20 декабригача бўлган давр учун баҳоланди. Бу даврда ҳарорат -9 даражадан +9 даражагача ўзгариб турган.
Кўрсаткичлар | Боёвут тумани 19-сонли мактабда кўмир билан иситиш (2022 йил) | Боёвут тумани 19-сонли мактабда иссиқлик насоси билан иситиш | Боёвут тумани 18-сонли мактабда кўмир билан иситиш |
Ташқаридаги ҳаво ҳарорати | +/- 9 даража | +/- 9 даража | |
Сувнинг узатишдаги максимал ҳарорати | +49 даража (бундай ҳарорат фақат бир марта кузатилган) | +55 даража | - |
Синфхоналардаги максимал ҳарорат | +15 даража | +20 даража | +15 даража |
Сарфланган энергия / ёқилғи миқдори | 34 кг/соат (12 соатда максимал 500 кг) | суткасига 1437 кВт*соат | суткасига 400 кг кўмир |
Тизимни қизитиб олиш вақти | 11 соат | 40 дақиқа | 11 соат |
«Биз бу ҳақиқатда самарали технология эканлигини кўрсатиб бердик, — дейди Алексей Волков. — Ҳозир болалар мактабда кўпроқ вақт қоляпти, чунки улар учун энди мактаб биноси уйга нисбатан қулайроқ. Ўқитувчилар ҳам мактабда кўпроқ вақт ўтказяпти. Касалланиш камайган. Бизга электр энергияси тақчиллиги сабабли иссиқлик насосларини ўрнатишга рухсат берилмаслигини айтишганди. Узилишлар бўлди, лекин иссиқлик насослари ишлашда давом этди. Узилиш муаммосини ҳал қилиш учун лойиҳа устида ишлашни давом эттирамиз ва иссиқлик насосларини таъминлайдиган фотоэлектр станцияларини ўрнатамиз».
«Газета.uz» нашри томонидан 2023 йил декабрь ойида тайёрланган репортажда 19-сонли мактаб директори Муҳтарам Ҳасанова мактаб биноси ўнлаб йиллар деганда биринчи марта ҳақиқатда исиганини таъкидлаганди.
«Биз битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиниш даражаси бўйича вилоятда энг юқори кўрсаткичлардан бирига эгамиз. Ўйлайманки, бундан кейин иситиш туфайли таълимдаги ютуқларимиз яхшиланади ва мактабимиз соғлом авлодни ўқитишга хизмат қилади», — дейди Муҳтарам опа.
Иссиқлик насосларининг чекловчи омили қувват манбаи ҳисобланади. Улар электр энергияси билан ишлайди. Мактабнинг энергия истеъмоли бўйича бир ойлик квотаси 1200 кВт/соатни ташкил этади, иссиқлик насослари эса бир кунда шунча электр энергиясини истеъмол қилади. Шу сабабли ГЭФ КГД 19-мактабда фотоэлектр станциясини (ФЭС) қуриш лойиҳаси устида ишламоқда, у аллақачон ўрнатиб бўлинган иссиқлик насосларининг мустақил таъминоти учун электр энергияси ишлаб чиқаради. ФЭС иситиш мавсумида иссиқлик насосларига бўлган талабнинг 30 фоизгача бўлган қисмини қоплаши, ёзда эса Боёвут электр тармоқларига электр энергиясини сотиши кутиляпти. Иссиқлик насосини энергия билан таъминлаш учун ФЭС қуришдан кўзланган мақсад — мамлакат бўйлаб бошқа мактаблар ва ижтимоий объектларда муқобил тизимни жорий этишнинг молиявий жозибадорлигини кўрсатиб бериш.
Иқтисодий таҳлил
Лойиҳанинг фойдаси ва харажатлари иқтисодий таҳлилини Мамун университетининг Иқтисодиёт ва гуманитар фанлар факультети «Иқтисодиёт» кафедраси доценти, иқтисодчи Инна Руденко амалга оширди. Унинг таъкидлашича, муқобил тизимга ўтишнинг ижтимоий фойдаси ҳақиқатда мавжуд. Технология ушбу мактабда таълим жараёнини янада қулайлаштирган.
Инна Руденко.
«Олдиндан айтиб ўтишим керакки, мен тажрибали иқтисодчи сифатида иқтисодий таҳлил бизга унчалик яққол манзарани кўрсатмаслгини олдиндан тахмин қилганман. Чунки ижтимоий объектлар муқобил иситиш тизимига киритилган инвестицияларни қоплаш учун моддий бойликлар ишлаб чиқармайди, маҳсулот сотмайди, сезиларли фойда олмайди. Шунинг учун олдимизда турган вазифа қуйидагича эди: муқобил иситиш тизимига ўтиш одамларда ушбу технологияга нисбатан қизиқиш уйғотишига, мамлакат раҳбарияти ва жамиятни иситиш тизимини алмаштириш зарурлигига ишонтиришга хизмат қиладиган ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ана шундай сценарийларни кўриб чиқиш. Чунки жамият шундай қурилганки, унга нафақат ижтимоий ва экологик, балки иқтисодий фойдаларни ҳам исботлаб, кўрсатиб беришга тўғри келади», — дейди Инна Руденко.
Унинг сўзларига кўра, таҳлилда муқобил иситиш тизимига ўтишнинг умумий ва соф фойдалари, шунингдек, ижтимоий ва экологик фойдалари баҳоланган.
Ҳисоб-китоблар икки хил сценарий — мактаб иссиқлик насосларини энергия билан таъминлаш учун шаҳар электр тармоғидан фойдаланилган ҳолат ва мактаб иссиқлик насосларига хизмат кўрсатиш учун кичик ФЭС ўрнатилган ҳолат — асосида қилинган.
«Яшил» ускуналарга киритилган инвестицияларнинг рентабеллиги қазилма ёқилғидан фойдаланилган уч хил сценарий билан таққосланган:
- кўмир субсидияланишда давом этган ҳолат;
- мактаблар маҳаллий кўмирни бозор нархларида харид қила бошлаган ҳолат;
- мактаблар юқори сифатли импорт кўмирни харид қила бошлаган ҳолат.
«Таҳлилни янада қизиқарли қилиш учун CО2 квоталари сотилган ва сотилмаган ҳолатлардаги сценарийларни ҳам ҳисобга олдик», — қайд этади Инна Руденко.
CО2 квотаси — у нима дегани? Иссиқхона газлари чиқиндилари учун квоталар савдоси — атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришнинг халқаро бозор воситасидир. Кўмирдан фойдаланишдан воз кечар экан, мактаб атмосферага иссиқхона газларини чиқармайди. Чиқарилмаган CО2 ҳажмини муассаса фойдаланилмаган квота сифатида ўз чиқиндиларини камайтира олмаётган ва атмосферани ифлослантиришда давом этаётган чет эл корхонасига сотиш имконига эга бўлади. Бундай корхона атмосферага иссиқхона газларини чиқаришни тўхтатганлардан квоталарни сотиб олиши мумкин. Инна Руденконинг сўзларига кўра, бу «мавҳум тушунча бўлса-да, Европанинг кўп мамлакатларида, шунингдек, АҚШ ва Японияда амалда қўлланилади». Европада нархлар CO2 нинг бир тоннаси учун 10 евродан 120 еврогача ўзгариб туради. Япония билан 1 тонна CО2 учун 18 АҚШ доллари баҳосида квоталарни сотиб олиш бўйича икки томонлама битим имзоланган. Иқтисодий таҳлилда Инна Руденко бир тонна CО2 ни 30 долларга баҳолаган — президентнинг энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш тўғрисидаги қарорида айнан шу миқдор кўрсатилган. CО2 квоталари билан савдо қилиш имконини берадиган лойиҳа 2027 йилда амалга оширилиши режалаштириляпти. Натижалар бузиб кўрсатилишининг олдини олиш учун чиқиндилар ҳажмини қандай ҳисоблаш таклиф этилганлигини қуйида баён қиламиз. |
Ҳисоб-китоблар 20 йиллик истиқбол учун амалга оширилди — иссиқлик насослари айнан шунча вақт давомида ишлатилиши мумкин. ФЭСлар эса 50 йилгача хизмат қилади.
Харажатлар
Жаҳон банки ва Иқтисодиёт вазирлигининг мактабни қайта қуриш учун йўналтирган харажатлари 2,4 млрд сўм (218 минг доллар)ни ташкил этди. Бироқ иқтисодий таҳлилда бу харажатлар ҳисобга олинмади, чунки улар ҳар бир мактаб учун кескин фарқ қилади.
Иссиқлик насослари ва уларни иситиш тизимига интеграция қилиш ҳамда ишга тушириш учун барча тегишли ишларнинг қиймати 1,8 млрд сўм (152 минг доллар)ни ташкил этди.
Иситиш мавсумида электр энергияси харажатлари 129,6 млн сўм (10,5 минг доллар)ни ташкил этди.
Фойдаланишнинг иккинчи йилидан бошлаб ҳар йилги жорий таъмирлаш харажатлари ускуналар қийматининг 5 фоизи — 6,9 минг АҚШ доллари миқдорида белгиланди. Беш йилда бир марта ўтказиладиган капитал таъмирлаш харажатлари 13,9 минг долларни ташкил этади.
Самара
Кўмирнинг бозор нархи 1000 сўмни ташкил этгани ҳолда, мактаблар кўмирни имтиёзли нархда — 410 сўмдан харид қилгани сабабли, қаттиқ ёқилғидан тежалган харажатлар ва ифлос ёқилғига ажратиладиган субсидиялар ҳисобига технологияни қоплаш имконсиз, чунки иссиқлик насослари катта миқдорда электр энергиясини истеъмол қилади.
Агар мактаб кўмирни бозор нархларида сотиб олганида, иситиш тизимидан фойдаланишнинг биринчи йилидаёқ 54,7 млн сўм тежашга эришган бўларди. Бироқ асбоб-ускуналар қийматини барибир қоплаб бўлмасди. Агар мактаб бир килограмми 2500 сўм турадиган импорт кўмир сотиб олса, ёқилғи тежалиши 331 млн сўмни ташкил этган бўларди.
Иссиқлик насосларини шаҳар тармоғига улаш мактабга CО2 чиқиндиларини 534 тоннадан 88,9 тоннагача қисқартириш имконини беради — иссиқлик электр станцияси тўрт ойлик иситиш мавсумида мактабга иссиқлик насослари ишлаши учун зарур бўлган 144 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун худди шунча карбонат ангидрид газини чиқаради. CО2 квоталари сотилса, потенциал фойда 164 млн сўмни ташкил этади.
ФЭСни ўрнатиш ва CО2 квотасини сотишдан олинадиган фойда
Фотоэлектр станциясининг қиймати 50 минг доллар бўлиши кутилмоқда. ФЭС ўрнатилса, мактаб карбонат ангидрид газини умуман чиқармайди ва шаҳар тармоғига электр энергияси сотиши мумкин бўлади.
Иссиқлик насосларининг ишлаши учун электр энергияси сарфи иситиш мавсумида 144 минг кВтни ташкил этади. ФЭС йилига 155 минг кВт қувват ишлаб чиқаради. Шундан 120 минг кВт — иситиш мавсумидан ташқари, 35 минг кВт эса — ноябрдан февралгача бўлган даврда. Йилнинг илиқ мавсумида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини мактаб шаҳар тармоғига сотиши ва ҳатто фойда олиши мумкин. CО2 квоталарини сотишдан олинадиган потенциал фойда йилига 16 минг долларни ташкил этади.
Тўлиқ иқтисодий таҳлил билан ҳавола орқали танишиш мумкин.
CО2 квоталари қандай сотилади?
CО2 квоталарини сотиш технологиянинг ўзини ўзи қоплаш муддати ва иқтисодий жозибадорлигига сезиларли таъсир кўрсатади, дейди Алексей Волков.
«Квоталар бозори жуда ўзгарувчан. Деярли ҳаво сотилаётгани учун бозор жуда мураккаб, — дейди Алексей Волков. — Чиқиндиларни камайтириш бирлигини тасдиқлаш учун жуда катта жараёндан ўтиш керак: чиқиндиларни камайтиришни тасдиқлайдиган аудиторлик компанияси бўлиши лозим. Бу жараённи осонлаштириш ва бозорга осонроқ кириш учун биз ушбу чиқиндиларни блокчейн технологияси ёрдамида ҳисобга олиш механизмини синаб кўрмоқчимиз».
Блокчейн технологияси маълумотларни ҳисобга олишнинг марказлашмаган тизимини яратишни назарда тутади. Иссиқлик насослари ва фотоэлектр станциялар бўйича бундай маълумотлар энергия ишлаб чиқариш ва сарфлаш ҳисобланади, деб тушунтиради Energy Eco Sources энергетика компаниясининг маркетинг ва рақамли трансформация бўйича директори Иван Бутук.
Ушбу технология қуёш станцияси томонидан соат, кун ёки йил давомида ишлаб чиқарилган электр энергияси ва/ёки иссиқлик насослари томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик миқдорини ҳисобга олиш имконини беради. Бу эса сарфланган маблағларнинг қопланиш муддати ва шаҳар тармоғига сотилган электр энергияси ҳажмини баҳолашга ёрдам беради. Банклар «яшил» лойиҳаларни молиялаштиришда ишончли рақамларга таяниб, рискларни реал баҳолай олади. Иван Бутукнинг қайд этишича, бугунги кунда молиявий тузилмалар пул ажратаётганда, иссиқлик насослари ёки фотоэлектр станциялар қанчалик самарали ишлаши ҳақида тасаввурга эга эмас. Регистраторга халқаро молия ташкилотлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчилар ва ҳукуматлар ҳимояланган статистик маълумотларни олиш учун ҳам қизиқиш билдириши мумкин.
Глобал CО2 квоталари бозорининг муаммоси шундаки, улар билан савдо қилаётган мамлакатлар сифатсиз ва баҳсли маълумотларни тақдим этмоқда: баъзи CО2 тонналари такроран сотилади, айрим лойиҳалар ўз кўрсаткичларини пасайтириб кўрсатади. Айни пайтда, марказлашмаган реестрлар халқаро бозорларда натижаларни ҳисобга олишда мутлақ ҳалолликни таъминлашга қодир, чунки улар кўплаб тасдиқлаш марказлари томонидан тасдиқланган реалликни акс эттиради.
Марказлашмаган ҳисоб тизими — бу маълумотларнинг тозалиги ва ҳаққонийлиги ягона марказнинг йўқлиги билан таъминланадиган тизимдир. Ягона марказни маълумотларни ўз ёки бошқа бировнинг манфаатларини кўзлаб манипуляция қилиши мумкин бўлган бир шахснинг манфаатларига бўйсундириш осонроқ. Блокчейн тизимларида маълумотни бузиш жуда қийин, чунки барча маълумотлар кўплаб рўйхатга олувчилар назорати остида бўлади. Чиқиндиларни камайтириш ёки тоза манбалардан ишлаб чиқарилган энергия миқдори бўйича маълумотларни сохталаштирмоқчи бўлган ҳар қандай киши ушбу маълумотларни рўйхатга олиш тизимининг барча тугунларида сохталаштириши керак бўлади, бу жуда мураккаб жараён. Фақатгина кимдир тармоқ иштирокчиларининг 51 фоизи (сервер-рўйхатга олувчиларнинг эгалари) билан келишиб олса, маълумотларни сохталаштириш мумкин, лекин бу жуда қиммат ва техник жиҳатдан мураккаб.
«Маълумотларни ўзгартириш мумкин. Бироқ, тасаввур қилинг, турли соҳалардаги манфаатдор шахслар учун тўғри маълумотларни сақлаш маълумотлардан ноёб фойдаланиш имконияти туфайли индивидуал аҳамият касб этади. Шунинг учун, кимнингдир манфаати йўлида бир марта мантиқ бузилса, компания ўз мақсадларини йўқотиш рискини ўз зиммасига олади. Тартибнинг бузилиши тартибсизликка ва бирхилликнинг бузилишига олиб келади, бу эса тизим томонидан дарҳол аниқланади. Сервер-рўйхатга олувчиларнинг эгалари кўп бўлса, улар маълумотларни қалбакилаштириш учун таваккал қилишга кам ҳолларда рози бўлади. Реестр атмосферага чиқарилмаган ҳар бир тонна CО2 ни автоматик равишда глобал бозорда акс эттириш имконини берадиган ягона марказлашмаган ҳисобга олиш тизимига айланиши мумкин. Блокчейн ёрдамида ҳар қандай ускунанинг ишлаши, сув, газ, тупроқ ва дарахтлар ҳамда бошқа ресурсларнинг ҳисобини юритиш бўйича маълумотларни очиқ эълон қилиш мумкин», — дея қўшимча қилади Иван Бутук.
Хулосалар
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон қишлоқ мактаблари ва умуман қишлоқ туманлари энерго-камбағаллик ҳолатида. Бироқ янги технологияларни қўллаш аҳолининг ҳаётини сифат жиҳатидан яхшилаши мумкин. Уни амалга ошириш йўлидаги тўсиқлар камбағаллик ва ҳукумат томонидан етарли даражада молиялаштирилмаслик билан боғлиқ бўлиб, бу инсон салоҳиятини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда «яшил» энергетика бозори деярли йўқлигига қарамай, у ривожланади. Ҳозирча муқобил технологиялар ноёб ҳодиса сифатида қаралмоқда. Бироқ кенг тарқалиши билан уларнинг, шу жумладан, иссиқлик насосларининг нархлари, албатта, пасаяди. Мамлакатда турли ускуналарнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари пайдо бўлиши мумкин. Бу, шубҳасиз, уларнинг ўзини оқлаш муддатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Алексей Волковнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳанинг иқтисодий натижаларига қизиқиш билдирган. Ҳозир иссиқлик насослари ва қуёш станцияларини касалхона ёки болалар боғчаси каби йил давомида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа ижтимоий объектларда ҳам синовдан ўтказиш масаласи кўриб чиқиляпти. Иссиқлик насосларидан йил давомида фойдаланиш иқтисодий самарадорликни янада оширади, чунки йилнинг кўп қисмида муассасалар кондиционердан фойдаланишни талаб қилади. Иссиқлик насоси хоналарни совитиш учун энергия сарфини камайтиради.