Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни Tashkent Pharma Park инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, oхирги етти йилда фармацевтикада ишлаб чиқариш 2 карра ошган. Экспорт 11 баробар кўпайган. 750 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, корхоналар сони 3 баробар ўсган.
Ўзбекистонда 3,5 минг турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилаяпти.
Президент бу талабни тўлиқ қондириш учун етарли эмаслигини айтиб, дори-дармонларнинг 80 фоизи хориждан олиб келинаётганини танқид қилди. У «ушбу 80 фоизни камайтириш» учун ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва экспортни кенгайтириш бўйича таклифларни илгари сурди.
«Асакабанк» ва Фармацевтика агентлига йирик маҳаллий корхоналар билан бирга 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш бўйича дастур тайёрлаш топширилди. Бундай лойиҳаларга хориждан жалб қилинган 400 миллион доллар йўналтирилади.
«Онкологик дорилар ишлаб чиқаришга алоҳида урғу бериш керак, чунки биз уларни хориждан олиб келамиз. Келгуси йилда фармацевтика лойиҳалари учун 400 миллион доллар [кредит линияси] жалб қиламиз. Шунингдек, 100 миллион долларлик капиталга эга фармацевтика тармоғида Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармасини ташкил этамиз. Олимлар ҳам, тадбиркорлар ҳам, инвесторлар ҳам таклифлар билан чиқиши мумкин», — деди у («Ўзбекистон 24» телеканали репортажи).
Жамғарма «биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради, уларга катализатор бўлади».
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Асакабанкка соҳани ривожлантириш учун 100 миллион доллар кредит линияси очилган. Энди бу малағ лизинг учун ҳам берилади.
Шунингдек, «Асакабанк» томонидан фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 миллион долларлик венчур компания очилади. Стартап лойиҳа четдан қанча маблағ жалб қилса, мазкур компания шунча пулни қўшимча экспертизасиз беради.
Янги ишланмалар учун Инновация жамғармасидан 20 миллиард сўм грант ажратилади. Бу олимлар яратаётган янги маҳаллий дори ишланмаларини тижорат лойиҳасига айлантириш ва стартаплар учун йўналтирилади.
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига 2025 йил 1 январгача берилган божхона имтиёзлари муддати яна 3 йилга узайтирилади. Гап Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва материаллар ҳақида кетмоқда.
«Мамлакатимиз корхоналари етакчи хорижий фармацевтика компаниялари технологияси ва рецепти асосида дорилар чиқаришга тайёр. Лекин бундай кооперация учун ҳуқуқий асос яратилмагани сабабли ҳар бир дорини янги маҳсулот каби клиник тадқиқот ва рўйхатдан ўтказишга тўғри келяпти. Бунга кўп вақт кетади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ва Фармацевтика агентлиги раҳбари Абдулла Азизовга бир ой муддатда маҳаллий ва хорижий компаниялар билан биргаликда ушбу жараённи соддалаштириш мақсадида дори воситаларини шартнома асосида ишлаб чиқаришни рўйхатдан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.
Тадбиркорларнинг экспорт бозорларини кенгайтириш учун АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA) ҳамда Европа тиббиёт агентлиги сертификатларини олиш харажатлари буджетдан қоплаб берилади.
Ўзбекистонда ўсимликларни саноат усулида етиштириб, қайта ишлаш орқали субстанция ва косметик компонент олиш ривожланаяпти. Шунга мувофиқ, Асака банк иштирокида келгуси йилда ҳар бири 5 гектардан бўлган доривор ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, уларни қайта ишлаш бўйича 5 та намунавий лойиҳа бажарилади.
Умуман, фармацевтикада 1 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилиши белгиланди. Улар талаб юқори дори воситаларини чет элникидек сифатда ишлаб чиқариб, бозорда рақобат яратиб, нархларни арзонлаштиришга қаратилган.