«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг юк оператори «Темирйўлкарго» компанияси Хитойда илк ваколатхонасини очди. У Пекинда жойлашган.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизматининг хабар қилишича, бу жамиятининг халқаро иштирокини кенгайтиради ва мультимодал юк ташишларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.
Очилиш «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Хикматулла Рахметовнинг 14−15 декабрь кунлари Хитойга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
У Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР)даги China Railway Urumqi Bureau Group раҳбари Го Цзян ва «Ляньюньган порт компаниялари гуруҳи» МЖЧ партия қўмитаси котиби ўринбосари ва порт президенти Ванг Гуочао билан музокаралар ўтказди.
Муҳокамаларда ҳамкорлик истиқболлари, мультимодал ташувларни ташкил этиш, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида юк айланмасини кўпайтириш, шунингдек, контейнерли блок-поездларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Хитойнинг чегара пунктларида вагон ва контейнерларнинг кечикиши ва тўхтаб қолиши масалалари кўриб чиқилди, дейилади хабарда.
Томонлар ўз ҳудудларида контейнер поездлари ва вагонлар қатновининг тезлашуви ва ҳаракатланишини йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда учрашувлар ўтказишга келишиб олди.
«Темирйўлкарго» корхонаси юк ташиш хизматларини кўрсатиш, юк вагонлари ва контейнерлар хўжалигини сақлаш ҳамда ривожлантириш, «эшикдан эшиккача» мультимодал ташишларни ташкил этиш, логистика марказлари ва терминалларни ташкил қилиш билан шуғулланади. Унинг ташкил этилиши темирйўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича 2023 йилдаги президент қарорида назарда тутилган.