2025 йилда Ўзбекистон ҳукумати хусусий секторда ишлаётган аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари бюджетини яна 2,5 бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан маъқулланган келгуси йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.
2022 йил сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга «декрет» нафақаларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман тўлаш тизими жорий этилганди. Тўлов минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорини (2,59 млн сўм) ташкил этади.
Сенатнинг 18 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида сенатор Малика Қодирхонова ушбу дастур учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши ниҳоятда паст эканини маълум қилди. Шу сабабли ажратилаётган маблағлар миқдори йилдан-йилга камаймоқда.
Масалан, 2023 йилда 300 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган бўлса, амалда атиги 11 фоизи ўзлаштирилган. 2024 йил учун бюджет 3 баробар — 100 миллиард сўмга қисқартирилган бўлса, тўққиз ойда бу маблағнинг атиги 30 фоизи ўзлаштирилган. Айнан маблағларнинг ўзлаштирилиши пастлиги туфайли 2025 йилга атиги 40 миллиард сўм ажратилган, деди у.
Агар шундай давом этса, амалиёт 3−4 йил ичида бутунлай тугаши мумкин, дея огоҳлантирди сенатор.
Айни пайтда туғилиш кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Янги туғилган чақалоқлар сони 2023 йилда 960 мингдан ортган, 2024 йилнинг тўққиз ойида эса 690 мингдан ошган.
«Биз бу муаммога ўтган йили ҳам эътибор қаратган эдик. Муаммо нафақаларнинг камайишида эмас, балки хусусий сектордаги аёлларнинг ушбу кафолатланган ҳуқуқдан тўлиқ фойдалана олмаётганида. Битта рақамни айтсам: 2023 йилда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олганлар орасида хусусий сектордаги аёллар улуши атиги 1,7 фоизни ташкил этган, ҳолбуки хусусий секторда 1,4 миллион хотин-қиз ишлаган», — деди Малика Қодирхонова.
Сенатор норасмий секторда ишлаётган аёлларнинг муаммоларига ҳам тўхталиб ўтди.
«Уларнинг бу кафолатдан фойдаланиш имкони йўқ. Ҳукумат норасмий бандлик улушини камайтириш бўйича катта мажбуриятларни олган бўлса-да… Муаммо аниқ бўлса, уни ҳал қилиш учун қандай аниқ чоралар кўрилмоқда? Балки хусусий иш берувчиларнинг масъулиятини оширадиган ва, шу билан бирга, уларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир?» — сўради у.
Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони 5,6 фоизга кўп бўлганини, бироқ бу, албатта, етарли эмаслигини таъкидлади.
У режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида гапира олмади ва Сенат раҳбари Танзила Нарбаевага «муҳокама, семинар ёки давра суҳбати» доирасида иш ўринларини қонунийлаштириш мавзусида муҳокамалар ўтказишни таклиф қилди.
«Биз буни батафсилроқ тушунтиришимиз керак. Ҳозир қаттиқ чоралар кўрсак… Албатта, қатъий чора кўрмай бўлмайди, очиқ айтиш керак. Айни пайтда бир жойга йиғилиб, буни тизимли муҳокама қилишимиз, тадбиркорларни таклиф қилишимиз керак», — деди у.
Танзила Нарбоева хусусий сектордаги аёлларга «декрет» пули тўлаш амалиёти президент ташаббуси билан гендер сиёсати ва хотин-қизларга шарт-шароит яратиш доирасида жорий этилганини эслатди.
«Бу амалиёт кейинги йилларда ривожланиб бормоқда. Аммо уни ривожланган мамлакатларда ҳам дарҳол яхши даражада шакллантириш мумкин эмас. Шу боис, буни биргаликда муҳокама қилиш учун яхши таклиф билдирилди… Биламан, ўринбосарингиз БМТ Аёллар ташкилоти вакили билан меморандум имзолаган. Ушбу ташкилот, вазирлигимиз, Сенат ва Қонунчилик палатаси билан биргаликда ушбу тизимни ҳар томонлама муҳокама қилиш керак», — деди у.
Сенат раҳбари зарурат туғилганда йил давомида «декрет» пули учун бюджет маблағлари оширилиши мумкинлигини таъкидлади.
Биз аввал ёзганимиздек, 2024 йилда бюджет ташкилотлари ходимларига ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар 1 триллион сўмдан 850 миллиард сўмга камайган.