Сурия урушдан чарчаган ва қўшнилари ёки Ғарб учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди, деди мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шараа Дамашқда BBC нашрига берган интервьюсида.
Ал-Шараа қўзғолончилар альянсидаги ҳукмрон куч — «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳининг раҳбари бўлиб, илгари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний жанговар тахаллуси билан танилган. У тезкор ҳужумларга бошчилик қилди, бунинг натижасида икки ҳафтадан камроқ вақт олдин Башар Асад режими ағдарилди.
Интервьюда Ал-Шараа Суриядан санкцияларни олиб ташлашга чақирди.
«Энди, содир бўлган барча воқеалардан сўнг, санкциялар олиб ташланиши керак, чунки улар эски режимга қарши қаратилган эди. Жабрланувчи ва золимга бир хил муносабатда бўлмаслик керак», — деди у.
Исёнчилар етакчиси, шунингдек, ҲТШни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга чақирди. БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа кўплаб давлатлар ташкилотни ушбу рўйхатга киритган. Бунга бошида гуруҳнинг «Ал-Қоида» ташкилотига алоқадорлиги сабаб бўлган. Бироқ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» 2016 йилда «Ал-Қоида» билан алоқасини узган.
Ал-Шараанинг сўзларига кўра, ҲТШ террорчи гуруҳ эмас, чунки унинг жангчилари тинч аҳоли ёки тинч ҳудудларга ҳужум қилмаган ва ўзларини Асад режими жиноятларининг қурбони деб билади.
У Сурия кейинги Афғонистонга айланиши мумкинлиги эҳтимолини рад этди. Унинг таъкидлашича, булар ўз анъаналарига эга турли мамлакатлардир. Сурияда, унинг сўзларига кўра, бошқача фикрлаш тарзи бор, у аёллар таълим олиши кераклигига ишонишини қўшимча қилди.
«Бизнинг Идлибда университетлар саккиз йилдан ортиқ вақтдан бери ишлайди. Ўйлайманки, ушбу университетларда аёлларнинг улуши 60 фоиздан ортиқ», — деди ал-Шараа.
Сурияда спиртли ичимликларни истеъмол қилишга рухсат бериладими, деган саволга у шундай жавоб берди: «Гапиришга ҳақим йўқ, чунки бу юридик масалалар».
Ал-Шараанинг қўшимча қилишича, Сурияда юриспруденция бўйича экспертлар қўмитаси тузилиб, у янги конституцияни тузади. «Улар ҳал қилади. Ва ҳар қандай ҳукмдор ёки президент қонунга риоя қилиши керак», — деди у.
- 8 декабрга ўтар кечаси қўзғолончилар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кириб, президент Башар Асад режимини ағдарганини эълон қилди. У мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан буён бошқарган. Асад мамлакатдан қочиб, оиласи аъзолари билан Россияда бошпана топди.
- Сурия ўтиш ҳукуматига Муҳаммад ал-Башир раҳбар бўлди. У 2025 йил 1 мартга қадар мамлакат бош вазири вазифасини бажаради. Илгари у Сурия мухолифати томонидан ташкил этилган муқобил ҳукуматига раҳбарлик қилган.