Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Етакчилар икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.
Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.
Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни Россия Федерацияси Қуролли Кучлари кимёвий, радиациявий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Суҳбат давомида «Ўзбекистон ушбу жирканч террорчилик ҳаракатини кескин қоралаши» ва «икки давлат махсус хизматлари ўртасида терроризмга қарши курашиш соҳасида яқин ҳамкорликни давом эттириш нияти» таъкидланган.
- Генерал Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов 17 декабрь куни Москвадаги Рязан проспектидаги уйдан чиқаётганида портлаш оқибатида ҳалок бўлди. Тергов маълумотларига кўра, портловчи қурилма подездга кираверишдаги электр самокатга яшириб қўйилган бўлган. Россия Тергов қўмитаси қотиллик, терроризм ва ўқ-дориларнинг ноқонуний муомаласи моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди.
- Reuters агентлиги ва New York Times газетаси Украина махсус хизматларидаги манбаларига таяниб, Кирилловни ўлдириш операциясини Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) амалга оширганини хабар қилганди. Унинг ўлимидан бир кун олдин УХХ Кирилловга нисбатан сиртдан айблов эълон қилиб, генерални Украина армиясига қарши кимёвий қуролларни оммавий қўлланилишида айблаган.
- 18 декабрь куни Россия Тергов қўмитаси Ўзбекистон фуқароси Москвада содир этилган терактда гумонланиб, қўлга олинганини маълум қилди. Идоранинг таъкидлашича, сўроқ пайтида гумонланувчи «Украина махсус хизматлари томонидан ёлланганини» билдирган.