Янги йил байрами арафасида Тошкент шаҳридан республиканинг турли ҳудудларига қўшимча автобус йўналишлари йўлга қўйилади, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.

Қайд этилишича, «Тошкент» автовокзалидан кундалик 53 та рейсга қўшимча равишда ҳар куни шаҳарлараро йўналишларда 20 дан ортиқ автобус қатновлари ташкил этилади.

Хусусан, 20 декабрдан 31 декабрга қадар Тошкент — Навоий, Тошкент — Зомин, Тошкент — Жарқўрғон, Тошкент — Шаҳрисабз, Тошкент — Қарши, Тошкент — Қоракўл, Тошкент — Термиз, Тошкент — Денов, Тошкент — Ғузор, Тошкент — Узун йўналишларида кундалик белгиланган рейслардан ташқари йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда кун давомида қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилади.

Қўшимча автобус рейслари ҳамда қатнов жадваллари тўғрисидаги батафсил маълумотларни Тошкент автовокзали расмий канали орқали олиш мумкин.

Йўловчилар чипталарни Тошкент автовокзали чиптахоналаридан ҳамда АТТО, UzBus мобиль иловаси орқали онлайн тарзда сотиб олади. Қўшимча маълумот учун телефон: +998 71 207- 87- 00.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» 2024 йил 15 декабрдан 2025 йил 12 январга қадар бир қатор йўналишларда қўшимча поезд қатновлари ташкил этилишини хабар қилганди.