Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида 17 ёшли ўсмир катта миқдордаги криптовалюта «ишлаб олгани» учун жавобгарликка тортилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. «Аслида… бу «иқтидор» эгаси оддий «виртуал валютчик»лик фаолияти билан шуғулланиб келган», — деди у.

«Газета.uz» аввалроқ Бухоро вилояти Киберхавфсизлик хизмати ходимлари томонидан криптоактивлар соҳасидаги қонунчиликни бузганлик моддаси бўйича жиноят иши доирасида ёш йигит ҳибсга олингани ҳақида ёзган эди. Milliy телеканалининг хабар беришича, йигит «белгиланган тартибда лицензия олмасдан» 34 млрд сўм (2,64 млн доллар) миқдоридаги криптоактивларни ишлаб топган.

«Сир эмаски, бугун Telegram`даги ёпиқ (аноним) каналлар, гуруҳларда криптовалютани сотишга, сотиб олишга чақирадиган ресурслар кўпайган. Ушбу каналларда «сотувчи» ва «харидор»лар ўзаро танишади ва электрон пулларини криптовалютага ёки криптовалютани пулга айлантириб берган ҳолда «виртуал валютчик»лик билан шуғулланишади», — деди Шоҳрух Ғиёсов.

Унинг айтишича, шу кўрсатган хизматлари учун улар ўтказиб берган пуллар миқдорининг 0,1−2 фоизи миқдорида воситачилик ҳақи олишади (ўтказиб берган пулининг анонимлиги қанча юқори бўлса, олиб қолинадиган фоиз тўлови ҳам шунга мос бўлади). Бунинг учун «виртуал валютчик»лар битта криптовалютани бошқасига алмаштириш ёки уни пулга (доллар, евро, рубль ва б.) айлантириш имконини берувчи Binance каби махсус платформалардан фойдаланади.

ИИВ вакили махсус платформалар содда ва қулай яратилган бўлиб, улардан ахборот технологиялари, ҳатто криптовалюта соҳасида чуқур билимга эга бўлмаган кишилар ҳам бемалол фойдалана олишини таъкидлади.

«Бугунга келиб эса йирик фирибгарлар, наркотик, қурол, одам савдоси, болалар порнографиясига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳлар ҳисоб-китобларни асосан аноним криптоактивлар орқали амалга оширмоқда. Шунингдек, террорчи гуруҳлар ўзларини молиялаштириш учун криптовалюта орқали маблағ йиғмоқда. Бунинг сабаби шундаки, унинг ёрдамидан фойдаланиб пул маблағларини қисқа вақт ичида, дунёнинг исталган нуқтасига, аноним тарзда ўтказиш мумкин», — деди у.

Ғиёсовнинг сўзларига кўра, «виртуал валютчиклар» ўзи билиб ёки билмаган ҳолда юқоридаги каби ишларда воситачи бўлиб қолади. «Бу жараёнда, албатта, давлат назорати бўлиши керак, тартиботлар ва қоидаларга риоя қилиниши эса шарт ва зарур», — деди у.

Гумонланувчи З.М. етти ой давомида Binance платформаси орқали умумий қиймати 34 млрд сўмлик 4 мингдан ортиқ шубҳали воситачилик операцияларини амалга оширган ва воситачилик ҳақи ундириб келган. «Бу ҳолатда аёнки 34 млрд сўм ишлаб топилган „иқтидорли“ йигитнинг даромади эмас, балки тизимдан ўтказилган бошқа бир инсонларнинг пули суммасидир», — дейди Шоҳрух Ғиёсов.

«Мазкур операциялар таҳлил қилинганда З.М. айлантирган маблағларнинг аксарият қисми пенсия, ойлик, онлайн кредит карталаридан келиб тушгани маълум бўлди, яъни ушбу маблағлар фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган пулларни легализация қилишга ва уларнинг изини йўқотишга қаратилган ҳаракат экани гумон қилинмоқда. Бунга жавобни эса тергов ва суд органлари беради. Айбсизлик презумпциясига ҳам тўлиқ амал қилинади», — деди ИИВ вакили.

У мазкур жиноят иши тўғрисида чиқишлар қилаётган айрим тармоқ фойдаланувчилари ўз ҳаракатлари билан жамоатчиликни чалғитиб, унинг холис тергов қилинишига халақит қилишини оқлаб бўлмаслигини таъкидлади. Ғиёсов уларни «нопрофессионал» ва «популист» деб атади.

Аввалроқ собиқ депутат Расул Кушербаев Бухоро давлат университети талабаси бўлган ва яқин кунларда суд жараёни бўлиб ўтадиган йигит билан учрашгани ҳақида хабар берган эди. «Мен учун у жиноятчи эмас, Ўзбекистоннинг фаол ёш «олтин бош»ларидан бири», — деганди у.