Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши қабул қилинди, дея хабар бермоқда ҳокимлик.
17 декабрь куни Фарғона шаҳри марказидаги Petrolium автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Ҳолат 5 метр куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиққани, оқибатда газ моддаси ташқарига сизиб чиққани ортидан рўй берган.
Ҳокимликнинг қайд этишича, шундай бахтсиз ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳи тузилди. Унга «Ўздавнефтгазинспекция» ҳудудий бўлими, вилоят ФВБ, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филали каби масъул ташкилотлар ходимлари бириктирилади.
Мазкур ишчи гуруҳи автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГКС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚШ)нинг саноат, ёнғин, экологик хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, ёқилғи сақлаш резервуар (сиғим)ларнинг ҳолати ва қонунчиликдаги бошқа меъёрларни ўрганади.
Ўрганишлар чоғида уларнинг молиявий ишларига аралашилмайди ҳамда шохобчалар одатдаги иш тартиби бўйича фаолият кўрсатади.
Вилоят ҳудудида фаолият юритаётган, ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча автомобилларга ёқилғи қуйиш, сиқилган ва суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаларида ишловчи ишчи-ходимларни ФВБ қошидаги ўқув марказида дастур асосида шартли равишда ўқитилиши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, ИИБ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида вафот этганлар сони 4 кишига етган. ФВБга кўра, тўрт киши жароҳатланган ва яна саккиз киши тиббий назорат остига олинган.
Ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, 5 киши процессуал тартибда қамоққа олинган, 2 нафар шахсни ушлаш чоралари кўрилмоқда.