Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида эр-хотин ва уларнинг ўғли ис газидан вафот этди. Бу маълумотни Бош прокуратура ахборот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади.

Маълум қилинишича, 19 декабрь куни фуқаро Н.Х. туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, опаси, поччаси ва уларнинг ўғли яшаш хонадонида вафот этганини билдирган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 43 ёшли эркак, 35 ёшли аёл ва 8 ёшли боланинг ўлима ис газидан заҳарланиш оқибатида содир бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.