Ўзбекистондаги энг йирик газ қазиб олувчи компания ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» 2025 йилда 26,5 млрд метр куб табиий газ қазиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 19 декабр куни президентга кейинги йил учун режаларини тақдим этган «Ўзбекнефтгаз» раиси Баҳодиржон Сидиқовга таяниб, «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди. «Газета.uz» бунга эътибор қаратди.
Эълон қилинган ҳажм 2024 йилги прогноздан 2,8 млрд куб метрга (29,3 мрлд), 2022 йилдаги қазиб олиш ҳажмидан (32,2 млрд) 5,7 млрд куб метрга кам.
Қазиб олиш ҳажмини 26,5 млрд куб метрга «етказиш» учун (телеканал тақдим этган слайдда ёзилгани каби) янги қудуқларни бурғилаш ва эскиларини таъмирлаш режалаштирилган.
Президент билан учрашувда «Ўзбекнефтгаз» трансформацияси давом эттирилиши, асосий вазифалардан бири эса таннархни 8 фоизга қисқартириш ва халқаро кредит рейтингини яхшилаш бўлиши таъкидланди.
2025 йилда «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқариш лойиҳалари ва геология-қидирув ишларини молиялаштириш учун 2 млрд долларлик хорижий кредитларни жалб қилишни режалаштирмоқда.
Жорий йилги қиш мавсумида Ўзбекистон истеъмолчиларига 21 млрд куб метр газ етказиб бериш режалаштирилмоқда.
«Ўзбекистон 24» телеканали ўз сюжетида газ қазиб олиш ҳажми (кўрсаткич қайси давр билан солиштирилгани айтилмаган) кўпайиб, кунига 76 млн куб метргача етказилгани ҳақида хабар берди, шунингдек, аҳоли ва иқтисодиёт талабига мос равишда энергия етказиб берилаётгани айтилди.
Статистика агентлигининг расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида газ қазиб олиш ҳажми октябрь ойида 3,6 млрд куб метргача камайган, бу 2023 йил октябрь ойига (3,79 млрд) нисбатан 5 фоизга (189,7 млн куб метрга) ва 2022 йил сентябрь ойига (4,23 млрд) нисбатан 14,8 фоизга кам.
Январь-октябрь оралиғида қазиб олиш ҳажми 37,1 млрд куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,87 млрд куб метрга кам. 2019 йилнинг шу даврига нисбатан (50,1 млрд) пасайиш 13 млрд куб метрни ташкил этди. Бу аҳолининг йиллик газ истеъмоли ҳажмидан (2022 йил учун) кўпроқ.
Йил бошидан буён Ўзбекистонга газ импорти қиймати 1,36 млрд долларга етди, бу 2023 йилнинг дастлабки 10 ойидаги кўрсаткичдан 2,4 баробар кўп. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини ошириш режалари ҳақида маълум қилганди.
Бу даврда Ўзбекистондан газ экспорти 540,4 млн долларга (+17,9 фоиз) ошди. Ҳукумат аввалроқ 2025 йилдан бошлаб газ экспортини тўхтатиш режалари борлиги ҳақида эълон қилганди.
«Ўзбекнефтгаз» тузилмасида газ қазиб олиш ҳажмининг қисқариши
«Ўзбекнефтгаз» конлари ва қўшма лойиҳаларида газ қазиб олиш ҳажми йилдан-йилга камайиб бормоқда.
2022 йилда компаниянинг қазиб олиш ҳажми бўйича прогнози 34 млрд куб метрни, амалда қазиб олиш ҳажми эса 32,2 млрд куб метрни ташкил этди.
«Ўзбекнефтгаз» 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 млрддан 32,3 млрд куб метргача туширганди.
Давлат дастурига кўра, 2024 йилда режа 29,3 млрд куб метр газ қазиб олиш бўлган. Ушбу мақсадга эришиш учун жавобгарлар сафида «Ўзбекнефтгаз»дан ташқари Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) хусусий компанияси, хусусий нефть-газ компаниялари ва «Ўзбекнефтгаз» билан маҳсулот тақсимоти бўйича битим асосида ишловчи бошқа хорижий корхоналар («Лукойл», «Газпром», Gas Project Development Central Asia AG) кўрсатилганди.
«Ўзбекнефтгаз» раисининг собиқ биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов 2022 йилнинг ноябрида 2026 йилгача қазиб олиш ҳажми прогнозини эълон қилганди. Тақдим этилган графикка кўра, ҳозирги конларда табиий қазиб олиш ҳажми пасайишда давом этади. Чунки 2024 йилда қазиб олиш ҳажмини 34,1 млрд куб метр даражасида ушлаб туриш учун геология-қидирув ишлари орқали 4,6 млрд куб метр газ ўрнини қоплаш керак бўлади, 2025 йилда эса 7,1 млрд куб метр, 2026 йилда 9,6 млрд куб метр қўшимча ҳажм керак бўлади.
2023 йил якунига кўра, «Ўзбекнефтгаз»нинг соф фойдаси 2 баравардан кўпроққа — 611,6 млрд сўмгача қисқарди, сўнгги уч йилда эса кўрсаткич 5 бараварга камайди. «Газета.uz» аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» газ қазиб олишни кўпайтириш учун юзлаб млн доллар сармоя киритаётгани, лекин қазиб олиш ҳажми тушиб бораётгани ҳақида ёзганди.