Президент Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни инвестиция бўйича 2024 йилдаги натижалар сарҳисоби ва 2025 йилги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бу инвестиция масалалари бўйича сўнгги ойдаги иккинчи учрашувдир. Ноябрь ойи охирида хорижий инвестицияларни жалб этишнинг жорий ҳолати ва 2025 йилга мўлжалланган режалар ҳам «танқидий руҳда» муҳокама қилинганди.

инвеститциялар, лазиз кудратов, шавкат мирзиёев

Қайд этилишича, 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 188 млрд доллар инвестиция киритилган. Шундан 87 млрд доллари четдан жалб қилинган. Натижада инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 30 фоиздан ошиб, барқарор иқтисодий ўсишга замин бўляпти, дейилади хабарда.

2024 йилда иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 36 млрд доллардан ошган. Буларнинг ҳисобига йил бошидан буён қўшимча 70 трлн сўмлик қиймат берадиган 560 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилган. Келаси йилдан экспортни яна 1 млрд долларга ошириш имконияти пайдо бўлган.

Йиғилишда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 2025 йилги режалар тўғрисида ахборот берди.

Келгуси йил 43 млрд долларлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу орқали 300 дан ортиқ йирик лойиҳа бажарилиши, импорт ўрнини босувчи 662 та янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Давлат раҳбари бунинг учун хорижий инвесторлар билан манзилли ишлаб, янада қулайликлар яратиш, эришилган барча келишувларни юқори даражада амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда 1890 та лойиҳа бўйича иш кетмоқда. Уларнинг ижросини жадаллаштириш учун масъуллар белгиланди.

Йиғилишда ташқи савдо масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

«Жаҳонда кузатилаётган мураккаб вазиятда бу ўз-ўзидан бўлмайди. Экспорт-логистика занжирлари қийинлашаяпти, Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозорларида тайёр маҳсулот олиш камайяпти. Бундай шароитда ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, иқтисодий тараққиёт суръатларини ошириш зарурлиги таъкидланди. 2030 йилгача мамлакатнинг йиллик экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб, 45 млрд долларга олиб чиқиш мақсади белгиланган», — дейилади баёнотда.

«Бу режадаги инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириб, юқори қийматли маҳсулот ва хизматларни кўпайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

инвеститциялар, лазиз кудратов, шавкат мирзиёев

ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2025 йилда 1888 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилганини айтди.

«Биз ҳар бир соҳа бўйича индивидуал ёндашувни ташкил қилдик. Асосий урғуни импортни қисқартириш ва маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратяпмиз. Ҳар йили дунёда инвестициялар учун кураш кучаймоқда. Биргина глобал инвестиция ҳажмининг 14 фоизга пасайиши бу курашни кучайтиради. Бундай шароитда янгича ишлаш зарурлиги таъкидланди», — деди у.