Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг йиғилишида халқ депутатлари кенгашларини жойларда айрим солиқлар миқдорини тартибга солишда фаол бўлишга чақирди.
Вазир президентнинг ноябрь ойида Қонунчилик палатасидаги маърузасида ер, мол-мулк ва айланма солиқларнинг 100 фоизи, шунингдек, даромад солиғининг камида 50 фоизи туманлар бюджетларида қолдириш бўйича топшириқ берганини эслатди.
Бундан ташқари, кенгашлар мулк солиғи, ер солиғи, бинолар ёки автомашиналарни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун энг кам ижара ставкаларини камайтириш ёки ошириш ваколатига эга.
«Жойлардан бизга жуда кўп саволлар келади. Табиийки, жойлардан келаётган минглаб саволларни Тошкентда йиғиб ҳал қилишнинг имкони йўқ. Жараёнлар рақамлаштирилган бўлса ҳам. Маҳаллий кенгашлар ўзларига берилаётган ваколатлардан ҳақиқатан фойдаланишини илтимос қилган бўлардик», — деди бош вазир ўринбосари.
Жамшид Қўчқоров Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ва туманлар (шаҳарлар)даги деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг чакана савдоси тарифлари мисолида кенгаш ваколатларини тушунтириб берди.
Фарғонада бу ставка 600 минг сўм атрофида, савдо ҳажми бўйича қолишмайдиган қўшни Марғилонда эса тўловлар пастроқ (масалан, Навоий вилоятининг Томди туманидаги каби).
Унинг сўзларига кўра, ушбу ставкаларнинг Тошкентдан марказлашган ҳолда белгиланиши «камчиликларга олиб келади». Кенгашлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдордаги солиқ суммаларига фаолият амалга ошириладиган жойларнинг хусусиятларига, шунингдек фаолият амалга ошириладиган турларининг мавсумийлиги қараб 0,7 дан 1,3 гача камайтирувчи ёки оширувчи коэффициентлар белгилайди (Солиқ кодексининг 383-моддаси).
«Саволдан хурсанд бўлиб кетдим. Кенгашларимиз бу ишда фаол иштирок этиб, ҳақиқатан бу йил бюджет даромадини ўзлари ўйлаб, ўзлари қаердадир каттароқ, қаердадир кичикроқ қўйиши керак. Ҳозир биз Тошкентдан туриб қаергадир каттароқ ставкаларни белгиласак, [эътирозлар] бўлади. Ана, ўзлари ҳал қилсин», — дея таъкидлади у.
Иқтисодиёт ва молия вазири «солиқ коэффициентларини қўллаш ҳуқуқидан «жуда кам, эҳтимол, бирорта ҳам кенгаш фойдаланмаган»ини таъкидлади.
«Бу ҳам бизнинг айбимиз, бу масалани ўрганмаганмиз. Агар ставка оширилса, маҳаллий бюджетга пул тушади. Тошкентдан ким борса, ҳаммаси арзимаган пулни сўрагандан кўра, жойида шу ишни ўзимиз қилсак бўлади-ку? Яъни фуқароларни, маҳаллани йиғиб, уларга тушунтириш учун имконият бор, ҳар маҳаллада еттитадан одам бор. Агар Булунғур туманида пул йиғилса, уни биров Самарқанд ёки Тошкентга олиб кетиб қолмайди, келинглар, ўзимиз учун депутатлар кенгаши билан ставкани 20 фоизга оширайлик, унинг ҳисобини алоҳида назоратга олайлик, шу пулни фалон маҳалла ё кўчага йўналтирайлик, дейишлари мумкин эди», — дея таклиф қилди у.
Жамшид Қўчқоров ушбу маблағлар маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қолиб, республика бюджетига тушмаслигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳасига кўра, 18 та вазирликка жами 195 трлн сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилмоқда (Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларидан ташқари). «Газета.uz» ҳар бир вазирлик ва бошқа давлат идораларига қанча маблағ ажратилиши ҳақида маълумотларни таққослаганди.