Малайзия ҳукумати 10 йил олдин сирли тарзда йўқолган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH370 рейси қолдиқларини қидиришни давом эттиришга қарор қилди, деб хабар берди Reuters мамлакат транспорт вазири Энтони Лоук баёнотига таяниб.

«Умид қиламизки, бу сафар қидирувлар ижобий бўлади, парчалар топилади ва оилаларга тасалли беради», — деди Лоук.

Қидирув ишларини олиб бориш таклифи Американинг денгиз туби тадқиқотлари билан шуғулланувчи Ocean Infinity компаниясидан келиб тушди. Компания 2018 йилда лайнерни қидириб кўрган, аммо иккала уриниш ҳам муваффақиятсиз бўлган.

Ocean Infinity билан шартнома 18 ой муддатга тузилади. Агар топилган парчалари аҳамиятли бўлса, компания 70 миллион доллар олади. Агар самолёт парчалари топилмаса, Малайзия ҳукумати ташкилот хизматларига пул тўламайди.

Қидирув ишлари Ҳинд океанининг жанубий қисмидаги 15 минг квадрат километрга яқин майдонда олиб борилади. Вазирнинг сўзларига кўра, Малайзия ҳукумати Ocean Infinity компаниясининг янги маълумотларини ишончли деб ҳисоблайди ва компаниянинг ўзи парчаларни топиш имкониятига ишонади.

MH370 рейси ҳақида

Куала-Лумпур — Пекин йўналиши бўйича MH370 рейсини амалга ошираётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 8 март куни радардан йўқолган. Унинг бортида 12 экипаж аъзоси ва 227 йўловчи, жумладан, 150 Хитой, 50 Малайзия, шунингдек, Франция, Австралия, Индонезия, Ҳиндистон, АҚШ, Украина, Канада ва бошқа давлатлар фуқаролари бўлган.

Охирги марта самолёт Малайзия пойтахтидан учганидан тахминан 40 дақиқа ўтиб алоқага чиққан. Самолёт Вьетнам ҳаво ҳудудига кирганда транспондер ўчирилган.

Ҳарбий радар самолёт Малайзиянинг шимолий қисми ва Андаман денгизи устидан учиб ўтиб, жанубга бурилиб, ғойиб бўлганини қайд этган.

2018 йилда эълон қилинган MH370`нинг йўқолиши тўғрисидаги ҳисоботда айтилишича, Boeing 777 бошқарувини йўналишдан адаштириш учун атайлаб ўзгартирган бўлиши мумкин, аммо терговчилар бунга ким жавобгарлигини аниқлай олмаган. Текширув давомида капитан ва иккинчи учувчининг ўтмиши, молиявий ишлари, тайёргарлиги ва руҳий саломатлигида шубҳали ҳолатлар аниқланмаган.