Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказини қуриш лойиҳаси 10 млрд долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Қайд этилишича, мажмуа қурилишини бошлаш бўйича келишувга эришилган.

16 декабрь куни озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов ушбу лойиҳани президентига тақдим этганди. У 500−700 гектар майдонда дам олиш масканлари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, турар жой мажмуалари ва бошқаларни ўз ичига олади. Шунингдек, марказда мактаблар, аквапарк, истироҳат боғлари, сув ва қишки спорт турлари бўйича мажмуалар ҳам барпо этилиши режа қилинган.

Олдин тақдим этилган маълумотларга кўра, сайёҳлик маркази Чорвоқ сув омборининг иккала қирғоғида жойлашади. Жанубий қисм Юсуфхона қишлоғи яқинидаги бурни бўйлаб жойлашади, шимолий қисми эса «Яккатут» ва «Боладала» аҳоли пунктлари ўртасидаги ҳудудга тўғри келади, дея қайд этганди Spot.

Sea Breeze Uzbekistan`нинг икки томонини сув омбори устидан ўтувчи камида 1 километрли кўприк боғлайди. Шунингдек, ҳудудга ёнғоқзор ҳам киритилган бўлиб, кадрларда ушбу ерда виллалар жойлаштирилиши режалаштирилгани кўринади.

Чорвоқ сув омбори бўйлаб, «Чорвоқ оромгоҳ» («Пирамидалар») зонасидан бироз юқорида, 18 та тешикдан иборат гольф майдони қурилиши режалаштирилган.

«Давлат раҳбари Озарбайжондаги Sea Breeze лойиҳаси муваффақиятли ишлаётганидан хабардорлигини билдирди. Бу лойиҳани ишга туширишда бизда тажриба бор», — деди тадбиркор.

Sea Breeze — 2006 йилда Эмин Агаларов томонидан ташкил қилинган, 500 гектар майдонда жойлашган премиум денгиз бўйидаги курорт ва қирғоқ мажмуаси. Дам олиш маскани Каспий денгизи соҳилида, Боку марказидан ярим соатлик масофада жойлашган.

Эмин Агаларов россиялик тадбиркор Араз Агаларовнинг ўғли ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг собиқ куёви. 2006 йилнинг 30 апрелида у президентнинг тўнғич қизи Лейла Алиевага уйланган ва 2015 йилда ажрашган. У мусиқа оламида Эмин тахаллуси билан ҳам танилган.

Август ойи охирида Agalarov Development компанияси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида турар жой мажмуаси ва меҳмонхона қурилиши бошланганини маълум қилганди. Лойиҳа қиймати 133 млн долларга баҳоланмоқда.