Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари якуний босқичга кирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Мамлакат АҚШ ва Хитой каби йирик давлатлар билан аъзолик бўйича музокараларни якунлади.

ЖСТ қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаётган бўлса-да, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, адолатли рақобат муҳитида ишлаши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишда давом этиши таъкидланди.

азизбек урунов, ақш, жст, кетрин тай, савдо, шавкат мирзиёев

19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш доирасида бозорларга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколни имзолади.

Ҳужжатни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ Савдо вакили Кэтрин Тай имзолади.

«Бу йил ЖСТга аъзо бўлиш жараёни учун тарихий аҳамиятга эга йил бўлди ва унинг якунида истиқболли натижаларга эришилди. Жамоа президент Мирзиёев раҳбарлигида қўйилган вазифаларни бажаришга янада кўпроқ эътибор қаратмоқда. 2026 йилга оз қолди ва мақсадга содиқлик аниқ кўриниб турибди», — деб ёзди президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов LinkedIn’да.

АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай ҳам Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш саъй-ҳаракатларини Байден-Ҳаррис маъмурияти томонидан қўллаб-қувватлаш давом этаётганини таъкидлади.

«АҚШ Ўзбекистон билан товар ва хизматлар бозорларига кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаганини эълон қилишдан мамнун. Ўзбекистон 1994 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза берган ва 2020 йилда бу йўналишда фаол иш бошлаган. Ўзбекистоннинг музокараларни давом эттиришга бўлган қатъий интилиши сўнгги икки йилда сезиларли ютуқларга эришди, жумладан, икки томонлама келишувимиз муваффақиятли якунланди», — деди у.

Ҳозирда ҳаммаси бўлиб 22 давлат билан музокаралар якунланди. Ўрунов Ўзбекистон Россия, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа давлатлар билан музокараларни якунлаши кераклигини таъкидлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев август ойида тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларнинг ажралмас бир қисми, деганди. «Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади», — деган у ишбилармонлар билан учрашувда.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида эканлигини маълум қилганди.

Декабрь ойи бошида ЖСТ ишчи гуруҳининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Ташкилот раҳбари ўринбосари «аъзо мамлакатларнинг xавотирларига очиқча жавоб бўлган» президент фармонини эслаб ўтди.