Асроржон Аскаров «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқарув раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.
У 2019 йилдан бери компания бошқаруви раисининг иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Аскаров Асроржон Акрамович 1978 йил 3 октябрь куни Фарғона вилояти Учкўприк туманида туғилган. Олий маълумотли.
Фарғона политехника институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: молия, банк иши, бозор иқтисодиёти асослари ва тамойиллари.
У, шунингдек, «Ўзбекэнерго» раиси маслаҳатчиси, «Энергосотиш» компанияси филиали директори маслаҳатчиси лавозимларида ҳам ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 19 декабр кунги фармони билан шу пайтгача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбари сифатида ишлаган Улуғбек Мавлонович Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
Мустафоев 2010−2016 йилларда Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари, Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари, 2017−2019 йилларда «Ўзбекэнерго» раиси, 2019 йилдан ҳозиргача «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси раиси бўлиб ишлаб келган.