Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни фаол тадбиркорлар билан учрашди. Видеоселектор йиғилишида соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича йил якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган режалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, дунёдаги 10 та энг бой компаниянинг 7 таси ахборот технологиялари ва молиявий хизмат соҳаларидан чиққан. Аҳолининг 56 фоизи ёшлар. Президент таъкидлаганидек, шу рақамларни ўзи соҳада катта салоҳият, иш ўрни, юқори даромад ётганини кўрсатади.
IT, финтех, инновациялар, телекоммуникация каби соҳаларни хусусий корхоналар тез ривожлантириши, яратилган шароит туфайли қиймати 1 миллиард доллардан ошган TBC Uzbekistan ва Uzum хусусий компаниялари пайдо бўлгани бунга яққол мисол экани таъкидланди.
Ўзбекистонда бундай компаниялар кўпайиши учун янада кенг шароитлар яратилади. Хусусан, уларга ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун лаборатория жиҳозлари, технологик ускуналарни божсиз олиб келишга рухсат берилади, деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, у IT, финтех, тадбиркорликни молиялаштириш, экспорт, туризм, хизматлар, яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб масалалар бўйича Жамоатчилик кенгашида экспертлик гуруҳларини ташкил қилиш кераклигини таъкидлади.
Охирги 3 йилда Божхона кодексининг 100 дан ортиқ моддасига ўзгартириш киритилди. Лекин унинг қоидалари ҳам Жаҳон савдо ташкилоти, ҳам тадбиркорларнинг талабига мос эмас. Шу муносабат билан ҳар томонлама янгиланган Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Президент аввалроқ IT парклар резидентлари учун барча турдаги солиқлардан озод қилиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилишини маълум қилганди.
Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни якуний босқичга ўтаётганини ҳам таъкидлаган.