Шавкат Мирзиёев Германиянинг Магдебург шаҳрида юз берган фожиа оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан президент Франк-Вальтер Штайнмайерга таъзия йўллади.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабарига кўра, давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез орада шифо топишини тилади.
20 декабрь куни Магдебургдаги Рождество ярмаркасига ташриф буюрувчиларни BMW X3 ҳайдовчиси уриб юбориши оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Der Spiegel. Шу билан бирга, Bild таблоиди полицияга таяниб, 4 киши ҳалок бўлганини ёзди. Ҳужумдан сўнг Саксония-Анҳалт федерал мамлакати ҳукумати 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди, яъни ҳалок бўлганлар сони турлича келтирилмоқда.
Bild маълумотларига кўра, 205 киши жароҳатланган: 41 киши оғир аҳволда, бундан ташқари, 86 киши оғир, 78 киши енгил жароҳат олган. Расмийлар 60 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.
Рождество ярмаркасига қилинган ҳужум иши бўйича 50 ёшли Талеб А. қўлга олинди. У Магдебургдан 45 километр узоқликда жойлашган Бернбург шаҳридан бўлиб, шифокор-психиатр ва психотерапевт саналади. Унинг уйида тинтув ўтказилди. Полиция маълумотларига кўра, босқинчининг ҳеч қандай шериклари бўлмаган.
Германия ОАВ маълумотларига кўра, Талеб А. асли Саудия Арабистони фуқароси, 2006 йилдан бери Германияда истиқомат қилади, доимий яшаш гувоҳномасига эга. Магдебургдаги ҳужумдан сўнг Саудия Арабистони Германияга ҳамдардлик билдирди.