27 декабрь куни «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши бўйича расмий ишлар бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 20 декабрь куни бўлиб ўтган III Халқ қурултойида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳа «ўнлаб йиллар давомида токчаларда чанг босиб ётган».

«Бу лойиҳани бошлаганимизда унга ишонмаганлар, чўпчак деб ҳисоблаганлар ҳам бор эди. Лекин бугун барчангиз бу амалга оширилаётган лойиҳанинг гувоҳи бўлдингиз. 27 декабрь куни ушбу йўл қурилиши бўйича расмий ишлар бошланади. У Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик кўприк бўлади», — деди президент.

Садир Жапаров таъкидлаганидек, «аср қурилиши» савдо, туризм ва саноат учун янги имкониятлар очади.

Жума куни Қирғизистон президентининг «Интимак-Ордо» маъмурияти биносида ушбу мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўл компанияси ўртасида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича инвестиция битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Инвестиция битимини Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сиргабаев ва темирйўл компанияси директорлар кенгаши раиси Чжун Шэнгуй имзолади. Тадбирда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикрам Ниязходжаев ҳам иштирок этди.

«Киргиз темир жолу» (КТЖ) давлат корхонаси бош директори Азамат Сакиевнинг маълум қилишича, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилиши 2024 йил октябрь ойида бошланиши режалаштирилганди ва у қарийб 6 йил давом этади.

Темирйўл ҳақида

Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йилдан бери муҳокама қилинади. Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, сўнгра Туркманистон, Эрон ва Туркияга йўналишнинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилди. Томонлар темирйўлнинг кенглиги, шунингдек, бориш қийин бўлган баланд тоғли ҳудудлардан ўтадиган магистралнинг қурилиш қиймати ва унинг йўналиши ҳақида келишиб ололмайди. Бу Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, халқаро транспорт йўлаги қурилиши «Қашқар — Торугарт — Макмал — Жалолобод — Андижон» йўналишининг комбинацияланган варианти бўйича амалга оширилади. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилиши Хитойдан Ўзбекистон орқали Туркияга, ундан кейин Европага, шунингдек, Форс кўрфази давлатларига савдо ва ташиш географиясини кенгайтириш имконини беришини маълум қилди.

«Ўзбекистон 24» телеканали томонидан 2022 йил декабрь ойида тақдим этилган маршрут.«Ўзбекистон 24» телеканали томонидан 2022 йил декабрь ойида тақдим этилган маршрут.

Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўлининг узунлиги 486 км ни ташкил этади, шундан тахминан 312 км Қирғиз Республикаси ҳудудидан ўтади, у ерда 18 та темирйўл станцияси қурилиши режалаштирилган, бундан ташқари, тоғли рельефни ҳисобга олган ҳолда, 81 та кўприк қуриш ва узунлиги 120 км дан ортиқ бўлган 41 та туннелни бурғилаш талаб этилади.

«Киргиз темир жолу» давлат корхонаси раҳбари Азамат Сакиев темирйўл икки қисмдан иборат бўлишини таъкидлади. Хитой чегарасидан Макмал станциясигача (165,5 км) Хитойда қўлланадиган стандартга мувофиқ 1435 мм кенгликдаги из ётқизиш режалаштирилган, кейин Жалолободгача (146,2 км) 1520 мм кенгликдаги из олиб борилади.

Макмал станциясида таркибларни қайта шакллантириш, юкларни қайта юклаш, саралаш ишлари амалга оширилади. Прогнозларга кўра, 2035 йилга келиб тармоқдаги ўртача йиллик ташиш ҳажми 5 миллион тоннани ташкил этади, шундан ярмидан кўпи транзитга тўғри келади, деб ёзади Spot.

Келишув шартларига кўра, Хитой қўшма корхонада 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улуш олади.

Ёзда Транспорт вазирлиги вакили «Газета.uz» билан суҳбатда қўшма компанияда Хитойнинг улуши 51 фоизни, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг улуши эса 24,5 фоизданни ташкил этишини маълум қилган эди. Унинг таъсисчилари Хитойнинг China Railway International, «Киргиз темир жолу» ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари эди. Қирғизистон ўз бюджетидан 11 млрд сўм (тахминан 130,5 млн доллар) ажратишни режалаштирган.

«Хитой ҳудудида темирйўл қурилиши Хитой томонидан тўлиқ амалга оширилади ва молиялаштирилади. Қолаверса, улар Қирғизистон ичидаги ушбу жараёнларда ҳам иштирок этади. Ўзбекистонда лойиҳага қўшилиш учун 10 километрга яқин йўллар қуришимиз керак. Ишларнинг асосий қисми Қирғизистонда», — деди суҳбатдош.

Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ўз маблағларининг ярмини қўшма корхонадаги улушларга мувофиқ иштирокчи мамлакатлар тақдим этади: 1,18 миллиард доллар Хитой, қарийб 700 миллион доллар Қирғизистон томонидан ажратилади. Шу билан бирга, 19 июнь куни Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган тақдимотда Ўзбекистон ва Қирғизистон 573 миллион доллардан ажратиши айтилган эди.

Яна 2,35 миллиард доллар Хитой томонидан тақдим этиладиган нотижорат кредит ҳисобланади. Ҳозирда бу борада Инэксимбанк ва ХХР Миллий банки билан музокаралар олиб борилмоқда.

Июль ойида Ўзбекистон президенти Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича лойиҳа компанияси устав фондига 255 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берган эди. Шундан 14 млн доллари жорий йил охиригача йўналтирилиши керак.

Июнь ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ҳукуматлари темирйўл лойиҳасини биргаликда илгари суришда ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама битимни имзолаган.