Албания ўтган ойда ижтимоий тармоқларнинг болаларга таъсири ҳақида қўрқув уйғотган воқеа — ўсмирнинг ўлдирилиши ортидан TikTok иловасига бир йиллик тақиқ эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Мактабларни хавфсизроқ қилиш бўйича кенгроқ режанинг бир қисми бўлган тақиқ 2025 йил бошида кучга киради, деди бош вазир Эди Рама. «Бир йил давомида ҳамма учун бутунлай ёпиб қўямиз. Албанияда TikTok бўлмайди», — деди Рама.

У Албаниянинг тақиқни узайтириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин компания ва бошқа мамлакатларнинг тақиққа муносабатини кузатишини айтди.

TikTok блокланишига яқинда 14 ёшли ўсмирнинг ўлдирилиши сабаб бўлди — муштлашувда уни бошқа мактаб ўқувчиси пичоқлади. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, муштлашувдан олдин ижтимоий тармоқларда ўзаро можаро бўлган ва қотилликдан кейин бошқа ўқувчилар буни маъқуллаган кўплаб видеолар TikTok`да тарқалган.

TikTok қотиллик иши билан платформанинг боғлиқлигини рад этди: компания муштлашув иштирокчиларининг ҳеч бирида TikTok аккаунти йўқлигини ва уларнинг қотилликдан олдинги оғзаки жанжали бошқа ижтимоий тармоқларда бўлганини билдирди.

Сўнгги пайтларда болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича мунозаралар кўплаб Европа мамлакатларида, жумладан, Германия ва Францияда олиб борилмоқда. Австралия ҳукумати ноябрь ойида мамлакатнинг 16 ёшга тўлмаган барча аҳолисига ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бутунлай тақиқловчи қонун қабул қилди.

Декабрь ойида Европа комиссияси сайлов жараёнларини манипуляция қилишда гумон қилиниб, TikTok`ка қарши тергов бошлади. Бу Руминияда Конституциявий суд ғалаба қозонган ўта ўнг сиёсатчи Кэлин Жеоржеску фойдасига TikTok`да ноқонуний кампания ўтказилгани ҳақидаги разведка маълумотларига асосланиб, президентлик сайловларининг биринчи тур натижаларини бекор қилганидан кейин содир бўлди.