Сурия собиқ президенти Башар Асаднинг рафиқаси Асма Асад ажрашиш учун ариза берди, деб хабар қилди Туркиянинг Haberturk нашри.

Нашр маълумотларига кўра, Асма Асадга Москвадаги яшаш шароитлари ёқмаган ва у Лондонга кетмоқчи. Қайд этилишича, Асаднинг рафиқаси Москвадан чиқиш учун «махсус рухсатнома» сўраган.

Асма Асаднинг Англияда яшаётган оиласи билан қолиш ниятини онаси қўллаб-қувватлаб, Англиянинг етакчи ҳуқуқ фирмалари билан музокаралар бошлаган. Асмага қон саратони ташхиси қўйилгани ва унинг соғлиғини Москвада етарлича назорат қилиб бўлмаслиги ҳақидаги иддаолар бу қарорни янада долзарб қилди, дея аниқлик киритди Haberturk. Шунингдек, 2018 йилда биринчи хонимда кўкрак саратони аниқланган, бир йил ўтгач, ўсма олиб ташланганди.

Аммо Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Асаднинг ҳаракатланиши чеклангани ва рафиқаси у билан ажрашиш режалари ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Асма Асад Лондонда туғилиб ўсган. Буюк Британияда у Американинг JP Morgan банкида ишлаган. У 2000 йилда Башар Асадга турмушга чиққан. Асма Асад Сурия фуқаролигидан ташқари Британия паспортига ҳам эга.

Financial Times нашрининг ёзишича, Асма Асад воситачилар орқали Сурия иқтисодиётининг бутун секторларини — телекоммуникация, кўчмас мулк, банклар, савдони назорат қилган. Нашр маълумотларига кўра, мамлакат иқтисодиёти Башар Асад, унинг укаси Моҳир ва Асма ўртасида бўлинган.

Башар Асад ва унинг оиласи декабрь ойи бошида мамлакатда ҳукуматга қарши гуруҳлар ҳокимиятни эгаллаб олгандан сўнг Москвага қочган. Bloomberg маълумотларига кўра, Асаднинг қочишини Россия разведкаси ходимлари уюштирган. 8 декабрь куни кечқурун Россия давлат оммавий ахборот воситалари Башар Асад оиласи аъзолари билан Москвага келгани ва унга бошпана берилгани ҳақида хабар берди. Бу маълумотни тез орада Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади.