Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 23 декабрдаги буйруғи билан гибрид автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловларнинг пасайтирилиши тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ўзбекистонда 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар 68 баравар (34 минг сўмдан 2,32 млн сўмгача), электромобиллар учун эса 15 бараварга ошган. Ички ишлар вазирлигининг бу бўйича буйруғи тўловлар миқдори ошишидан бир кун олдин қабул қилинганди. Шундан сўнг оддий автомобилларни расмийлаштириш деярли 5 миллион сўмга қимматлашган.
Май ойида автомобиллар ва электромобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар камайтирилди ва БҲМнинг 10 фоизигача қайтарилди. Шу билан бирга, оширилган рўйхатга олиш тўловлари (одатий автомобиллар учун БҲМнинг 6,84 баравари ва электромобиллар учун 1,5 БҲМ) ўзгаришсиз қолди.
Вазирнинг янги буйруғи билан гибрид автомобилларни рўйхатдан ўтказиш нархи ҳам БҲМнинг 1,5 бараварини ташкил этади. Худди шундай ставка мопед ва скутерлар учун ҳам жорий этилади (улар учун рўйхатдан ўтиш ва рақам олиш талаби жорий йилнинг июл ойида жорий этилган). Бошқа турдаги автомобиллар учун жорий ставка 6,84 БҲМ миқдорида сақланиб қолади.
Мотоцикл, электромотоцикл ва тиркамаларга рақам белгиларини бериш учун йиғим БҲМнинг 1,75 бараваридан 1,5 бараваригача (562,5 минг сўм) камайтирилади. Яроқсиз ҳолга келган транспорт ўрнига ушбу транспорт турларига янги рақам бериш, шунингдек, ҳар қандай турдаги бузилган рақамларни алмаштириш учун тўловлар миқдори ҳам аввалги 1,75 БҲМ ўрнига 1,5 БҲМни ташкил этади. Худди шундай ставкалар мопед ва скутерлар учун ҳам кўзда тутилган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021−2022 йилар давомида хориждан 50 мингдан ортиқ электромотоцикл (2442 та) ва скутерлар (48 359 та) келтирилган бўлса, 2023 йилда бундай турдаги транспорт воситалари 2,5 баробар (127 000 та) кўп импорт қилинган. «Газета.uz» ҳисоб-китобларига кўра, скутер ва мопедлар учун рақамларни рўйхатдан ўтказиш ва бериш йилига 140 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча даромад келтириши мумкин (ҳозирги импорт ва сотиш ҳажми шу ҳолатда сақланиб қолган тақдирда).
Бундан ташқари, қуйидаги йиғимлар бекор қилинади:
- яроқсиз ҳолга келган, шикастланган ёки ўғирланган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини бериш учун БҲМнинг 70 фоизи миқдоридаги тўлов;
- йўқотилган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома дубликатини бериш учун БҲМнинг 1 баравари миқдоридаги тўлов;
- йўқотилган автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида вақтинчалик гувоҳнома дубликатини бериш учун белгиланган тўлов ставкасининг 5 баравари миқдоридаги тўлов.
Марказий банк октябрь ойидаги ҳисоботида январь-июнь ойларида Ўзбекистонда автомобиллар нархларининг ўсиш суръатлари пасайгани кузатилганини таъкидлаганди. Бу автокредитлар бўйича ставкаларнинг ўсиши, шунингдек, бундай кредитлар беришнинг 2,1 бараварга қисқариши фонида содир бўлди. Бозордаги фаолликнинг пасайиши автомобилни рўйхатдан ўтказиш тўловининг ошиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, дея таъкидлади регулятор.