АҚШ Давлат департаменти Беларусга саёҳат қилишни режалаштираётган америкаликлар учун янгиланган тавсияларни эълон қилди.
«Беларусь расмийларининг маҳаллий қонунларни ўзбошимчалик билан амалга ошириши, ҳибсга олиш хавфи, Россиянинг Украинага қарши урушини осонлаштиришда давом этиши, фуқаролар тартибсизликлари эҳтимоли ва элчихонанинг Беларусда яшовчи ёки саёҳат қилаётган АҚШ фуқароларига ёрдам бериш имкониятининг чеклангани сабабли Беларусга борманг», — дейилади хабарда.
Беларусда бўлган АҚШ фуқаролари зудлик билан мамлакатни тарк этишлари керак.
Беларусь икки фуқароликни тан олмайди. Беларусь ҳукумати АҚШ-Беларусь фуқароларининг икки томонлама фуқаролигини тан олишдан бош тортиши ва ҳибсга олинган икки томонлама фуқароларга АҚШ консуллик ёрдамини рад этиши ёки кечиктириши мумкин.
Беларусь ҳукумати ўн минглаб шахсларни, жумладан, АҚШ фуқаролари ва бошқа чет эл фуқароларини мухолифат партияларига алоқадорлиги ва сиёсий намойишларда иштирок этгани учун ҳибсга олган, ҳатто бу алоқадорлик Беларусь ташқарисида содир бўлгани ҳақида далиллар бўлса ҳам. Ҳозирда Қўшма Штатларда жиноят деб ҳисобланмайдиган сиёсий ҳаракатлар учун 1300 га яқин маҳбус қамоққа олинган. Беларусь ҳукумати маҳбусларга элчихона ва адвокатлар билан учрашиш, қамоқхоналардан ташқарида оила аъзолари билан мулоқот қилиш ва маълумот олишни тақиқлаган", — дея қайд этди Давлат департаменти.
«Беларусдаги қамоқхоналардаги шароитлар жуда ёмон. Намойишлар атрофида бўлган АҚШ фуқаролари ҳибсга олинди. Баъзиларига Беларусь расмийлари томонидан тазйиқ ва/ёки ёмон муносабатда бўлинган. Беларусь расмийлари қонун ва қоидаларни нотекис қўлламоқда, мустақил ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан алоқадор шахсларни нишонга олган.
АҚШ фуқароларига оммавий намойишлардан қочиш тавсия этилади. Ҳукумат намойишчиларни, жумладан, тинч намойишчиларни тарқатиш учун куч ишлатган, дейилади огоҳлантиришда.
АҚШ Давлат департаменти Минскдаги элчихонасининг фаолиятини кенг кўламли Россия-Украина уруши бошланганидан кўп ўтмай, 2022 йил 28 февралда тўхтатган. Ўшанда Давлат департаменти америкаликларга мамлакатни тарк этишни тавсия қилган. Кейинчалик АҚШ Беларусга саёҳат қилиш бўйича ўз тавсияларини бир неча бор янгилаган.