2024 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида газ қазиб олиш ҳажми 3,67 млрд куб метргача камайди, бу «Газета.uz» ўрганган президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилган.

Кўрсаткич 2023 йилнинг ноябрига (3,79 млрд) нисбатан 3,3 фоизга (125,7 млн куб метр), 2022 йилнинг ноябрига (4,23 млрд) нисбатан 13,2 фоизга кам.

Январь-ноябрь ойларида қазиб олиш ҳажми 40,76 млрд куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг 11 ойига нисбатан 4,7 фоизга ёки қарийб 2 млрд куб метрга кам ҳисобланади. 2019 йилнинг шу даври билан (54,3 млрд) солиштирганда пасайиш 13,5 млрд куб метрни ташкил этди. Бу аҳолининг йиллик газ истеъмолидан кўпроқ ҳисобланади (2022 йил учун).

Газ қазиб олишнинг пасайиши бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергиясининг 70−80 фоизи газ ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади.

Статистика агентлиги аввалроқ электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларни йирик ва кичик корхоналар кесимида эълон қилишни бошлаганди. 11 ой давомида умумий ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 фоизга (3,19 млрд) — 70,4 млрддан 73,6 млрд кВт/соатгача ошди.

Аксарияти газда ишлайдиган (шунингдек, кўмирда ишлайдиган ва гидроелектростанцияларда) йирик энергия таъминоти корхоналарида электр энергияси ишлаб чиқариш ноябрь ойида 5,73 млрд кВт/соатгача қисқарди, бу 2023 йилнинг ноябрига (6,7 млрд) нисбатан қарийб 997,1 млн кВт/соатга (-14,5 фоизга) кам.

Январь-ноябрь ойларида ишлаб чиқариш 64,6 млрд кВт/соатгача камайган, бу 2023 йилнинг 11 ойлик кўрсаткичидан 7,5 фоиз ёки 5,2 млрд кВт/соатга кам ҳисобланади.

Йўқотишлар кичик корхоналарнинг (шу жумладан, қуёш ва шамол электр стансиялари) электр энергияси ишлаб чиқариши ҳисобига қопланмоқда — 9,02 млрд. Уларнинг ишлаб чиқаришдаги улуши 12,2 фоизгача ошди.

Ойлик нефть қазиб олиш ҳажми 55,6 минг тоннагача (-8,7 фоиз ёки 2023 йил ноябрига нисбатан минус 5300 тонна) камайди. Бу 2022 йил февралидан бери энг паст кўрсаткич саналади.

11 ой давомида нефть қазиб олиш ҳажми 657,6 минг тоннагача (-7,3 фоизга ёки 2023 йилнинг шу даврига нисбатан минус 51,7 минг тонна) пасайди.

Ноябрь ойида 95,7 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилди, бу 2023 йилнинг ноябрига нисбатан (109,3 минг тонна) 12,4 фоизга ёки 5,4 минг тоннага кам дегани. 11 ойлик таққослашда ҳам пасайиш давом этди — 1,18 млн тонна (-1,5 фоиз, 29,7 минг).

Ўтган ойда дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайиб, 53,6 минг тоннагача (ўтган йилнинг ноябрига нисбатан -37,1 фоиз) тушиб кетди. 2023 ва 2024 йиллар январь-ноябрь ойлари солиштирилганда ҳам пасайиш қайд этилган (2,3 фоиз — 912,4 минг тоннагача). Декабрь бошида Spot давлат компанияси томонидан 3,42 млрд долларга қурилган дизель ишлаб чиқарувчи Uzbekistan GTL таъмирлаш учун ёпилгани ҳақида хабар берганди. S&P Global Ratings «ҳозирда техник хизмат кўрсатишда бўлиб турган» завод 2025 йилнинг биринчи чораги охирида ўз фаолиятини давом эттиришини кутмоқда.

Ойлик кўмир қазиб олиш ҳажмида рекорд янгиланишдан тўхтади, лекин кўрсаткич жуда юқори даражада бўлиб қолмоқда — 984,5 минг тонна (+370,2 минг), бу 2023 йилнинг ноябрь ойидаги ҳажмдан 1,6 баробар кўп ҳисобланади. Йил бошидан буён ишлаб чиқариш ҳажми 27,9 фоизга ошиб, 7,33 млн тоннани ташкил этди.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажмини 62 млрд куб метрга етказиш режалаштирилган (лекин кўрсаткич сўнгги йилларда пасаймоқда, бу энг йирик газ қазиб олувчи ҳисобланган ва қазиб олиш ҳажмлари пасайишда давом этишини кутаётган «Ўзбекнефтгаз» прогнозларида ҳам ўз аксини топмоқда). Агар Устюртдаги геология-қидирув ишлари кутилган натижа бермаса, кўрсатилган йилга бориб импорт ҳажми 10−11 млрд куб метрга этади, деганди аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.