Тадбиркор, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 20 декабрь куни президент билан учрашувда келажакдаги лойиҳалари ҳақида гапирди.

Ўз нутқи аввалида у айрим тадбиркорлар ҳали ҳам ўз фаолиятининг реал кўрсаткичларини айтишдан қўрқишини таъкидлади.

«Ҳурматли президент, ҳозир кўп тадбиркорларимиз «цифра»лар айтди, сиз хурсанд бўлдингиз, 500 миллион [доллар] дедингиз. Буларда ҳали ҳам қўрқув бор-да, ўзи булар 1 миллиард «оборот» қилади ҳаммаси», — деди Ортиқхўжаев йиғилганлар кулгисига сабаб бўлиб.

Унинг фикрича, мамлакатда яратилган шарт-шароитлар туфайли айрим корхоналар 5−10 баробар ўсган.

Ортиқхўжаев Тошкентда «ягона экотизим доирасида» 1200 ўринли олтита янги меҳмонхона очилишини маълум қилди. Гап Wyndham, Hyatt Place, Fairfield by Marriott, InterContinental, ibis брендлари остидаги меҳмонхоналар ҳақида бормоқда.

«Булар 2, 3, 4 юлдуз, ҳурматли президент. Шуни ишга туширишни бошладик, худо хоҳласа. Кейинги йил охирига битирамиз», — деди у.

Жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган интервьюсида Ортиқхўжаев Миробод туманидаги Alfraganus савдо зонасида очиладиган олтита меҳмонхона, жумладан, Holiday Inn Express, Wyndham Garden, Hilton Garden Inn каби меҳмонхоналар ҳақида гапирганди.

Бу галги учрашувда тадбиркор хорижлик ҳамкори билан биргаликда клиника очиш режалари ҳақида ҳам президентга маълумот берди. Шу мақсадда АҚШда жойлашган дунёдаги энг йирик тиббиёт марказлари — Мейо клиникаси, Кливленд клиникаси, Седарс-Синай тиббиёт мажмуаси билан учрашувлар ўтказилган.

«Учала клиника ҳам [ҳамкорлик қилишга] рози бўлди. Биз биттаси рози бўлса ҳам хурсанд бўламиз, деб тургандик, учаласи ҳам рози бўлди Ўзбекистонга келиб ишлаб, шу ерда биргалашиб клиника қуришга. Булар нафақат клиника қуради, университетга домлалар олиб келиб ўқитишга ҳам рози бўлди. Кадрлар алмашинувига ҳам катта ёрдам берамиз, деди улар. Раҳбарлари билан гаплашдик, яқин кунларда бошлаб юборамиз лойиҳасини», — деди Тошкентнинг собиқ ҳокими.

Тадбиркорнинг айтишича, клиникани Хитойнинг йирик компанияси лойиҳалаштирмоқда, Кливленд клиникаси эса хорижий ҳамкор бўлади.

Шавкат Мирзиёев ушбу клиника «бизга жуда керак»лигини айтди.

«Жуда кўп одамларимиз четга бориб, Кореяга, Исроилга, бошқа давлатларга, Россияга бориб, пул ташлаб келяпти. Агар Американинг бренд, мана шу биринчи ўриндаги шифохоналари ўқитиш билан бирга келса, мен қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди давлат раҳбари.

Декабрь ойи бошида Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидан қўрқишга ҳожат йўқлигини айтганди. «ЖСТга аъзо бўлиш барча маҳаллий тадбиркорлар ҳимоясиз кўчага улоқтирилишини англатмайди… Биз нафақат эҳтимолий йўқотишларни, балки нимага эришишимиз мумкинлигини ҳам кўришимиз керак», — деганди у.