Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча имкониятларни ишга солиш, инвестицияни кўпайтириш ва аҳоли бандлигини ошириш бўйича 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
2024 йилда Қорақалпоғистонда янги саноат корхоналари, туризм масканлари, энергетика қувватлари, IT-парк ишга туширилди. Ҳудудни Хоразм билан боғлайдиган 423 метрли янги автомобиль ва темирйўл кўприги очилиб, бу орқали юк ва йўловчи ташиш масофаси 180 километрга қисқарди.
323 миллион доллар ҳисобига янгитдан қурилган «Қўнғирот-Бейнов» автомобиль йўлининг 240 километр қисми фойдаланишга топширилди. Бу транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 миллион долларга ошишига имкон берди. Яқинда 196 километрли «Мискин — Нукус» темирйўлини электрлаштириш ишлари ҳам бошланади.
Таъкидланишича, ҳудудда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳалари учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган.
Мавжуд иқтисодий салоҳият комплекс таҳлил қилиниб, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизматлар соҳасида 2,5 миллиард долларлик имкониятлар аниқланган.
Ҳозир 87 минг гектар пахтадан ўртача 28 центнер ҳосил олинади, 10 та туманда рентабеллик паст. Экспертлар бундай кам ҳосилли пахта майдонларини қисқартириб, ўрнига чорва озуқаси ва кунжут экишни тавсия қилмоқда. Озуқабоп экинлар ҳисобига 6,5 триллион сўмлик гўшт ва сут етиштириш, кунжутдан экспортни 500 миллион долларга кўпайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бу орқали анча сув ҳам иқтисод бўлади.
Шунингдек, Мўйноқнинг ўзида камида 1 миллиард долларлик туризм лойиҳалари учун салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди. Яхлит мажмуаларни ишга тушириб, 1 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш ва 5 минг аҳолини даромадли қилиш мумкин.
Мутасаддилар этно ва экотуризм бўйича ҳам имкониятлар тўла ишга солинмаётганини таъкидлади. Савицкий музейи, «Чилпиқ» ёдгорлиги, Аёз қалъа, Тупроқ қалъа каби 200 дан зиёд диққатга сазовор жойлар, 10 дан ортиқ халқ ўйинлари ҳам 3 миллион туристни жалб этиб, бир неча кун айлантириш учун дастур бўлиши мумкинлиги айтилди.
Президент ҳудуддаги мутасаддилар, туман ҳокимлари вазифасига шахсий масъулиятини ошириши зарурлигини айтди. Тадбиркорларга ҳудуд салоҳиятини кўрсатиб, лойиҳа таклиф қилиш, бизнесга кўмакчи бўлиш керак. Ана шунда янги-янги иш ўринлари, қўшилган қиймат ва экспорт бўлади, одамларнинг даромади кўпаяди, деди давлат раҳбари.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев шу каби имкониятларни ишга солиш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш бўйича режаларини тақдимот қилди. Унга кўра, келаси йил учун режа қилинган 3,1 миллиард доллар инвестициянинг бор-йўғи 500 миллион доллари ҳудудий лойиҳаларга тўғри келади.
Шу боис туманлардаги ҳамма имкониятларни сафарбар қилиб, бу нисбатни кўпайтириш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун қўшимча 1 миллиард долларлик ҳудудий лойиҳалар шакллантирилиб, 120 та корхона ишга туширилади. Экспорт миқдори 500 миллион долларга етказилади.
85 та йирик корхона тўлиқ қувватга олиб чиқилади. Шунингдек, янги корхоналар, савдо ва сервис майдонлари ташкил этилиб, 150 минг одамнинг бандлиги таъминланади. Натижада ишсизлик даражаси 5,4 фоизга тушади. 20 минг эҳтиёжманд оилага даромад манбаи яратилиб, камбағалликни 7,6 фоизга камайтириш чоралари кўрилади.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда 1 гигаваттли шамол электр станцияси қурилмоқда. Жами 9,3 гигаваттли шундай станциялар қуриш бўйича лойиҳалар бошланмоқда. Бу йилига 33 миллиард киловатт соат электр энергияси, дегани, табиий газ бўйича ҳам қулайлик кўп, таъкидлади президент.
Шунинг учун металлургия, кимё, қурилиш материаллари каби тармоқлардаги кўп энергия талаб қиладиган йирик лойиҳаларни Қорақалпоғистонда жойлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида ҳам самарадорликни ошириш зарур. Суғориладиган ерларда жами 3 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор ташкил қилинади. 31 минг гектарда кунжут, 22 минг гектарда мош экиб, экспортга йўналтирилади. 30 минг гектарда қизилмия экиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
«Булар Қорақалпоғистондаги имкониятларнинг айримлари, холос. Уларни самарали ишга солиш ҳудуднинг жадал тараққиётини таъминлайди», — дейилади хабарда.
Шу боис Қорақалпоғистонда 3 та асосий йўналишни — қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Мазкур тузилма ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталарини таҳлил қилиб, қандай экинларни етиштириш, ердан даромадни кўпайтиришга ёрдам беради. Хомашё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича лойиҳалар тайёрлаб, ҳокимларга етказади. Янги туризм йўналишларини очиш ва уларга инфратузилма олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Мутасаддиларга инвестиция лойиҳаларининг бориши, бандлик ва экспорт режалари таъминланишини алоҳида назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Нуфузли хорижий экспертларни жалб қилиб, ҳар бир туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.