Шавкат Мирзиёев 20 декабр куни «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат кураш миллий спорт турини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва хорижий мамлакатларда янада кенг тарғиб қилиш, шунингдек, курашни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятни тизимли қўллаб- қувватлашни ташкил қилиш мақсадида қабул қилинган.

Кураш халқаро ассосиацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси таклифи билан Халқаро кураш институтинига қўшимча вазифалар юкланди:

  • кураш миллий спорт тури бўйича халқаро даражадаги малакали тренерлар ва ҳакамларни тайёрлашни йўлга қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш тизимини жорий этиш;
  • кураш миллий спорт тури бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириб бориш, шунингдек, зарур ўқув-услубий ва илмий-амалий қўлланмаларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш;
  • кураш миллий спорт турининг янги йўналишларини жорий қилишда иштирок этиш, уларни оммалаштириш чораларини кўриш;
  • кураш миллий спорт тури тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга «экспорт» қилишни йўлга қўйиш;
  • курашни оммалаштириш, ривожлантириш ва дунёга танитиш ҳамда ушбу миллий спорт турини умумжаҳон миқёсидаги спорт турига айлантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб бориш.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари зиммасига Кураш халқаро ассосиацияси ва Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятига кўмаклашиш вазифаси юкланди.

Бунда ваколатхоналарнинг Кураш халқаро ассосиацияси ва Халқаро кураш институтининг кураш миллий спорт турини халқаро миқёсда ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятига кўмаклашиш борасидаги ҳисоботларини ҳар олти ойда бир маротаба Олий Мажлис Сенатида эшитиш амалиёти йўлга қўйилади.

Ҳужжатда белгиланишича:

  • Ўзбекистон кураш федерациясига ўз молиявий ҳолатидан келиб чиқиб Халқаро кураш институти фаолиятини молиялаштириб бориш учун зарур маблағларни йўналтириб бориш ҳуқуқи берилади;
  • маҳаллий йирик тадбиркорлик субъектларини Кураш халқаро ассосиациясига расмий ҳомий сифатида жалб қилиб бориш йўлга қўйилади;
  • Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида кураш миллий спорт тури бўйича маҳаллий мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Халқаро кураш институти билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича фаолиятни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

  • а) кураш миллий спорт тури бўйича жаҳон чемпионатларида (катталар, ёшлар) ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерлар учун белгиланган рағбатлантириш суммаларининг ярми миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириб бориш тизими жорий этилади;
  • б) Халқаро кураш институти фаолиятини молиялаштириш 2026 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан республика бюджетига ўтказилади ҳамда ушбу мақсад учун ҳар йили 4,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратиб борилади.

Бунда ушбу қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Халқаро кураш институтига 2025 йилда Спорт вазирлигига ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча 1,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Ташқи ишлар вазирлиги Спорт вазирлигининг виза талабномаларига биноан, Халқаро кураш институти томонидан ўқув курслари ва семинарларга жалб этиладиган чет эл мутахассисларига кириш визаларини консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирмасдан, зарур ҳолларда визаларнинг Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди.