Жаҳон банки Ўзбекистон учун банк кафолати кўринишида 3,5 миллион доллар миқдоридаги молиялаштиришни маъқуллади, деб хабар берди «Газета.uz»га Жаҳон банки матбуот хизмати.
Ушбу кафолат «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» давлат компаниясининг 100 МВт қувватга эга янги қуёш электр стансиясида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Хоразм вилоятидаги мазкур объектни қуриш ва эксплуатация қилиш Франциянинг Voltalia компанияси томонидан амалга оширилади.
Қуёш электр станциясини ишга тушириш 2025 йилнинг ноябрига мўлжалланган. У 177 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 240 гигаватт-соатдан ортиқ қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаради.
Унинг фаолияти йилига 230 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларини қисқартириш ва 60 мингга яқин хонадонни тоза энергия билан таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.
«Жаҳон банки гуруҳи „Ўзбекистон-2030“ стратегиясига мувофиқ Ўзбекистоннинг энергия бўйича эҳтиёжларини қондиришда ва 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбаларини 25 ГВтга етказишда қўллаб-қувватлайди, бу эса ушбу ўн йилликнинг охирига келиб мамлакатда истеъмолдаги электр энергияси улушининг 40 фоизини ташкил этади», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова.
Қуёш электр станцияси лойиҳасини Voltalia шуъба корхонаси Sarimay Foreign Enterprise амалга оширади. Компания ушбу объектни ривожлантириш, молиялаштириш, қуриш ва фойдаланиш учун жавобгар бўлади. Эксплуатацияга топширилганидан сўнг Sarimay Foreign Enterprise станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясини Ўзбекистон миллий электр тармоқларига сотади. Бу икки томон ўртасидаги 25 йил муддатга электр энергияси сотиб олиш шартномасида кўзда тутилган.
Жаҳон банки томонидан тақдим этилган 3,5 миллион долларгача бўлган банк кафолати «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» томонидан Sarimay Foreign Enterprise’дае электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.
Ушбу кафолат, шунингдек, Хоразм вилоятида лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган 80 миллион долларлик қўшимча капитал инвестицияларни, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан 54 миллион доллардан ортиқ молиялаштиришни жалб қилишга ёрдам берди.
«2020 йилдан буён Жаҳон банки ва Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистон ҳукуматининг 1000 МВт қуёш ва 500 МВт шамол энергияси қувватларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун биз банк кафолати, молиявий ресурслар, маслаҳат хизматлари ва техник ёрдам кўрсатдик, шунингдек, қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашдик», — деди Жаҳон банки энергетика бўйича катта мутахассиси ва Ўзбекистон энергетика секторида банк кафолатлари бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Фархат Эсен.
Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳалар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Навоий вилоятида жойлашган 100 МВт қувватга эга Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр стансияси (2021 йилда фойдаланишга топширилган);
- Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 440 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси (2024 йилда фойдаланишга топширилган);
- Навоий вилоятида жойлашган қуввати 500 МВт бўлган Ўзбекистондаги биринчи шамол электр станцияси (2024 йилда фойдаланишга топширилган);
- Бухоро вилоятида 63 МВт/126 МВт·с қувватга эга 250 МВт қувватли энергияни тўпловчи аккумулятор тизимига эга (BESS) қуёш электр станцияси (қурилмоқда). Бухоро вилоятида ўрнатилаётган BESS тизими Марказий Осиёдаги биринчи бундай тизим ҳамда қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банкининг банк кафолатини олган жаҳонда биринчи тизим ҳисобланади.