Хорижий давлатларга ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди, деб хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Фуқаро А.Н. фуқаро С.Х.нинг ишончига кириб, юқори мартабали танишлари ёрдамида АҚШга ишлашга жўнатишини ваъда қилиб, ундан 21 минг доллар талаб қилган. Бош прокуратура департаментининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида у сўралган суммадан 9 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди.

Шу каби, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида фуқаро М.И. таниши Ё.Ш.ни Польшада ишга жойлаштириш учун сўраган 1000 доллар ва 6,3 млн сўмни олаётганда ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.