2024 йилда Telegram Premium обуначилари сони уч баравар кўпайиб, 12 миллиондан ошди, реклама даромади эса бир неча баробар юқорилади. Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, 2024 йилда Telegram`нинг умумий даромади миллиард доллардан ошди, компания «криптоактивларни ҳисобга олмаганда, 500 миллион доллардан ортиқ нақд пул захиралари билан йилни якунламоқда».

«Мен башорат қилганимдек, 2024 йил Telegram учун жуда омадли бўлди. Уч йиллик монетизация тарихида биринчи марта Telegram даромадли бўлди», — деди Дуров.

Унинг ёзишича, сўнгги тўрт йил мобайнида Telegram тахминан 2 миллиард доллар миқдорида қарз олган.

«Биз Telegram облигациялари учун қулай нархлардан фойдаланиб, шу кузда унинг сезиларли қисмини қайтардик. Бироқ олдимизда ҳали кўп ишлар турибди», — дейди у.

Дуровнинг фикрича, Telegram мисолида «ижтимоий тармоқлар мустақил бўлиб, фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда молиявий барқарорликка эришиши мумкин»лигини кўриш мумкин.

Мессенжерда пулли обуна (Telegram Premium) 2020 йил июнь ойида пайдо бўлганди.