2025 йил 1 мартдан Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар кучга киради. Бу президентнинг 20 декабрдаги фармонида кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига бизнесни рағбатлантириш ва иш ўринлари яратишга қаратилган қўшимча ваколатлар берилади.
Хусусан, улар 6 ой давомида (Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидан ташқари) сотилмаган, майдони 10 минг квадрат метрдан ортиқ ва баҳоланган қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлган (1,875 млрд сўмгача) ўзларига тегишли кўчмас мулк обектларини:
- Тадбиркорларга 2 йил давомида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш мажбурияти билан 10 йилга ижарага;
- 4 йил давомида ижара ҳақини мунтазам равишда тўлаб келган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорларга мулк қилиб (хусусийлаштириб);
- Маҳаллий ва хорижий таълим ташкилотларига халқаро тилларни ўқитиш ва халқаро сертификатларга эга мутахассисларни тайёрлаш учун ижарага — 5 йил муддатга. Ижаранинг биринчи йили шартномани узайтириш имконияти билан бепул бўлади.
Ҳозирда асосан обектлар ауцион ёки танловга қўйилмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги бир ой муддатда маҳаллий ҳокимликларнинг кўчмас мулк обектларини тўғридан-тўғри ижарага бериш ва сотиш тартибини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши шарт.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар давлат мулки бўлган бўш турган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ тўхтатилган бўлса (ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш, ижара муддатининг тугаши, юридик шахснинг тугатилиши, ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланмаслик, ер участкасидан нооқилона фойдаланиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш дастурини тақдим этади.
Ҳудудлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда 2025 йилда ҳар бир туман ва шаҳар учун иқтисодий ривожланишга туртки берадиган камида 5 та драйвер лойиҳанинг манзилли рўйхатини тасдиқлаши керак. Лойиҳаларнинг устувор йўналишлари — саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси.
Драйвер лойиҳалар ва қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш харажатлари давлат бюджетида алоҳида сатрда ажратилади. Маблағлардан халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қарорлари асосида фойдаланилади.
Худди шу фармон билан туман ва шаҳар ҳокимликларига кўпроқ молиявий эркинлик берилиши кўзда тутилган. Маҳаллий бюджетларда йиғилган солиқларнинг кўпи — ер, мол-мулк ва айланмадан олинадиган солиқларнинг 100 фоизи, шунингдек, даромад солиғининг камида 50 фоизи қолади. Кенгашлар солиқларнинг базавий ставкаларига нисбатан коеффициентларни қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.