Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда 23−26 декабрь кунлари об-ҳаво муҳити совуқ антициклон чеккаси таъсирида қуруқ, аммо совуқ бўлиши таъминланади. Кундузги бироз илиқлилик кишилар кайфиятини кўтарса-да, тунги, тонги ва кечки изғирин, ҳароратнинг ноль даражадан паст бўлиши, хусусан, энергетик тармоқларга юкламалар беришда давом этади. Дам олиш кунлари эса Қора денгиздан Кавказ ҳудудлари орқали аста-секин нам ҳаво оқимлари ёғингарчиликлари билан кириб келиши кутиляпти. Аммо бу сафарги оқим у қадар кўп ёғингарчилик улашмайди.

Манба: NASAМанба: NASA

Қисқача айтганда, ҳафта боши ва ўртасидаги об-ҳавони марказида атмосфера босими 1045 гПа гача бўлган ҳамда Россия жануби ва Қозоғистон шимолидан ўтиши кутилаётган совуқ антициклоннинг чекка қисми белгилайди. Қуйидаги об-ҳаво харитасида кўриниб турган Греция устидаги нам ҳаво оқими Янги йил арафасида ҳудудларга ёғингарчиликлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳақида кейинги материалларимизда батафсилроқ тўхталамиз.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Совуқ антициклон чеккаси душанба-пайшанба кунлари ҳаво ҳароратини мамлакат бўйлаб паст бўлишини таъминлайди. Кундузи қуёшли очиқ ҳаво, тунги, тонги ва кечки пайтда эса бироз изғирин совуқ кузатилади. Ҳафта охирларига бориб, минтақадан антициклон чекиниши билан, ҳудудларда ҳароратнинг аста-секин юқори кўтарилиши мумкин. Аммо бу ҳолат ҳароратнинг ҳамма ҳудудлар учун бир маромда кўтарилишини англатмайди.

Ҳафта бошида антициклоннинг чуқур таъсирида жойларда совуқроқ, изғирин кутилса, ҳафта ўрталаридан ҳароратнинг бироз кўтарилиши рўй беради. Душанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида тунги минимумлар -10 даражадан паст, шимол ва тоғларда эса -13 даражагача пасаяди.

Душанба-чоршанба кунлари антициклон чеккаси таъсирида текисликларда тонг отиши ва Қуёш ботишидан сўнг туман ҳодисалари кузатилиши мумкин. Аммо ушбу туман ҳодисалари (жануб вилоятларидан ташқари) жуда ҳам қалин ва давомли бўлмайди. Чунки республиканинг катта қисмида тупроқнинг чуқур музлаши ҳодисалари рўй бермоқда. Бундай пайтда қалин ва давомли туман ҳодисалари бўлиш эҳтимоли жуда кам. Ҳафта бошида айрим ҳудларда булдуруқ ҳодисаси кузатилиши мумкин.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 23 декабрь куни совуқ ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати республика бўйлаб кундуз куни -2 даража совуқдан …+5 даража илиққача, тоғларда −0…−5 даража совуқ, жануб вилоятларидагина +2…+7 даража илиққача ўзгарса, тунда республиканинг катта қисмида ҳарорат -10 даражагача, тоғ ва шимолда -13 даража совуққача пасаяди. Ҳудудларда туман, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва тоғларда яхмалак кузатилиши мумкин. Ёғингарчилик кутилмайди.

Синоптиклар 24−26 декабрь кунлари Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз қуруқ об-ҳаво бўлишини прогноз қилган. Кундузи ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб боради. 25−26 декабрь кунлари кундузи жойларда ҳаво ҳарорати +7…+12 даражагача кўтарилади. 24 декабрь куни эса антициклон совуғи таъсири остида кундуз куни ҳарорат +7 даражадан паст кутилади. Шимол, тоғ ва водий вилоятларида эса кундузи ҳам ноль даража атрофидаги ҳарорат муҳити сақланади.

Тунги ҳарорат республиканинг жануб вилоятларидан ташқари ноль даражадан анча паст кутилиб, сешанба куни кўплаб ҳудудларда −5…−10 даражали совуқ, чоршанба-пайшанба кунлари эса 0…-5 даража совуқ, водий ва тоғларда -8 даражагача совуқликни ташкил этади. Жанубда эса аста-секин тунги ҳарорат ноль даражадан юқори илиқ кузатила бошлайди. Бу кунларда ҳудудларга туман тушиши мумкин. Ҳафтанинг иш кунлари кучли шамол ҳодисалари бўлиши прогноз қилинмаган.

Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат фонида аста-секин сезиларли юқорилаш кузатилади. Буни кишилар ҳам ўз танида ҳис қила бошлайди. Антициклоннинг минтақадан тўлиқ чекиниши Ўзбекистонга бироз илиқ об-ҳаво муҳити кириб келишини таъминлайди. Дам олиш кунлари ҳароратнинг кўтарилиши ортидан аввалига шимолга, кейинроқ бошқа ҳудудларга нам ҳаво оқимлари кириб келиш эҳтимоли юқори.

Шанба-якшанба кунлари эҳтимолий нам ҳаво оқимининг минтақага кириб келишида «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали айнан қайси вилоятларга ёғингарчилик тушишини аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир прогнози ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистонда қуруқ об-ҳаво кузатилиб, ёғингарчилик бўйича жорий ҳафтада шу кунларга хос иқлимий меъёрдан анча кам ёғин тушиши тахмин қилинган. Хусусан, Ўзбекистон тоғлари учун жорий ҳафта жуда қуруқ экани ойдинлашган. Ҳарорат режими бўйича эса республиканинг катта қисмида ҳафталик ҳарорат кўп йиллик шу давр учун хос об-ҳаво муҳитига ўхшаш бўлса-да, аҳоли зич истиқомат қилувчи Сирдарё, Жиззах, Тошкент ва водий вилоятларида совуқлик сақланиши ойдинлашган.

Ҳисор тоғ тизмаси ва унинг этакларидаги ҳудудларда жорий ҳафта «иссиқ» бўлиши маълум қилинган. Бу ҳақида биз ўтган ойдаги декабрь ойи учун эҳтимолий об-ҳаво кутилмалари билан боғлиқ шарҳда ҳам маълумот берган эдик.

Қисқача айтганда, жорий ҳафтада об-ҳаво шароити совуқ, кейинроқ — мавсум учун хос — бироз мўътадил ва қуруқ об-ҳаво муҳитини тақдим этади.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ўзбекистон ҳафта бошларида антициклоннинг таъсир доирасида бўлиши, боз устига, мазкур антициклонда атмосфера босими 1025 ва 1030 гПа га яқин бўлиши сабаб, аҳоли антициклон таъсирини ўз танасида ҳис қилади. Бу ҳудудларда очиқ осмонли, аммо совуқ об-ҳаво муҳитини беради.

Душанбадан пайшанбага қадар бундай юқори атмосфера босими инсон саломатлигига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталикларидан азият чекаётган кишиларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу тур беморлар ҳаводаги турли кўринмас майда заррачаларга таъсирчан (агрессив) бўлади, аммо бу сафарги жараён кишилар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.

Ҳафтанинг бошларида юқори босимли давомий антициклон таъсири инсон танасида бош ва юрак оғриғи, ишчанликнинг сустлашуви, умумий заифлик билан намоён бўлади. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар сонини камайтириб, организмнинг ҳимоя функцияларига салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг бари инсон саломатлигини сезиларли даражада ёмонлаштиради ва турли юқумли касалликларга мойил қилиши мумкин.

Тавсиялар. Антициклон таъсирларга мойил кишилар тонгда тетиклаштирувчи енгил душ қабул қилиши, енгил гимнастика машғулотлари билан шуғулланиши ҳамда овқатланиш рационига калий моддасига бой меваларни қўшиши тавсия этилади. Иммун ва асаб тизимини зўриқтирмаслик мақсадида кундалик иш тартибини ҳам маълум муддат бироз ўзгартириш лозим. Иложи бўлса, кўпроқ дам олган маъқул.

Чоршанбадан бошлаб антициклонинг минтақадан чекиниши кузатилади ва кутилажак об-ҳаво шароити инсон саломатлигига таъсир кўрсатмайди. Фақат шанба-якшанба кунлари атмосфера босимиинг бироз пасайиши билан боғлиқ булутли жараёнлар минтақага кириб келиши, циклонал таъсирларга мойил айрим тоифа кишиларни безовта қилиши мумкин. Лекин бу жараён ҳам саломатликка айтарли хавф туғдирмайди.

Иш кунлари кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли деярли йўқ. Ўз-ўзидан, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши эҳтимоли ҳам паст. Шундай экан, жорий ҳафта иш кунлари табиий об-ҳаво муҳитининг ички қон босимига таъсир этиши хавфи ҳам баланд эмас.

Биоиқлимий шароитлар

Ҳафта бошида турли ҳудудларда тунги, тонгги ва кечки ҳароратнинг -10 даража ва ундан ҳам паст кузатилишини ҳисобга олиб, айрим ҳудуд аҳолиси қалин кийимлар кийиши лозим бўлади. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим.

Ҳафтанинг ўрталаридан бошлаб, кундуз кунлари ҳароратнинг сезиларли юқорилаши кишиларни қалин кийимлар ўрнига енгилроғини кийиб олишга ундайди. Жума, шанба ва дам олиш кунлари кундузги «комфорт» биоиқлимий муҳитга яқин илиқлилик республиканинг катта қисмидаги аҳолини жуда енгил кийим кийиб олишга ундайди ҳам, аммо тунги, кечки ҳароратнинг +5 даражадан пасайиши барибир кишилар танаси учун қалинроқ кийимлар кийиб олишга бўлган эҳтиёжни оширади.

Ҳафта иш кунлари кечки, тунги ва тонгги муддатларда совуқлик стресслари аҳоли зич истиқомат қилувчи водий ва Тошкент вилоятлари учун сақланиб қолади. Бу эса ушбу ҳудуд аҳолисининг бошқа ҳудудларга нисбатан қалинроқ кийим кийиб юришини таъминлайди.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафта давомида кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида сўнгги икки кунликда чақнашлар билан боғлиқ сокинликни кўрсатмоқда. Ер магнитосферасида ҳам кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлмаслигини тахмин қилинган. Қуёш фотосферасида сўнгги уч кунликда кучли чақнашлар содир бўлмади. Оддий қилиб айтганда, Қуёш сирти ва Ер магнитосферасида «сокинлик» ҳукм суряпти.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли иш кунларида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги, яъни хавфсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Фақат 25 декабрда «сариқ» хавфга эга 3−4 баллик магнит бўрони қўзғалиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Якшанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган кам ёғин-сочинли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Аммо ҳафтанинг бошқа кунлари, масалан, душанба-чоршанба кунлари антициклонал жараёнлар бундай заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Республиканинг кўплаб ҳудудларида антициклонал жараён таъсирида Қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг кузатиладиган инверсия фонида ҳавода сув буғининг тўйиниши, хиралик (туман, ғубор ҳодисалари), унинг ортидан ҳавода бироз ифлосланиши юзага келиши мумкин.

Шанба ва якшанба кундуз кунлари ҳароратнинг юқори кўтарилиши пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалари кўпайишига замин ясаши мумкин. Хусусан, пойтахтда ҳам иш ҳафтаси бошида майда дисперс заррачалари билан боғлиқ ифлослик бироз кўпайишини тахмин қилиш мумкин. Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 23−29 декабрь саналарида об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар пайшанба ва жума кунлари бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутиляпти.