Ўзбекистонда ҳокимликлар ходимларининг иш ҳақини ошириш режалаштирилмоқда, дейилади президентнинг 20 декабрдаги фармонида (ПФ-223).

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига икки ой муддатда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ходимларининг иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш миқдорини ошириш тўғрисидаги президент фармони лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритиш топширилди.

Фармон билан вилоят ҳокимликлари бошқарув аппаратининг намунавий тузилмасига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда (у ҳозир қандай тартибда экани ушбу ҳаволада).

Бошқарув ходимларининг чекланган сони ўзгармайди — ҳар бир ҳокимлик учун 61−70 бирлик, шунингдек, бошқарув ходимларининг умумий сони — 763 бирлик.

Бунда вилоят ҳокимликларининг бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қўшимча бошқарув штатларини киритиш қатъиян тақиқланади.

Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилмоқда.

Айрим ҳокимликларда Хитой билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб қилиш сектори, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчилар лавозимлари, шунингдек, протокол бўлими жорий этилмоқда.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлигига тегишли идоралар билан биргаликда икки ой муддатда samaradorlik.uz платформасида маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини баҳолаш амалиётини жорий этиш вазифаси қўйилди. Улар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўналишидаги 10 та асосий йўналиш бўйича баҳоланади.

Аввалроқ президентнинг 13 мартдаги фармони билан давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларида ишларни баҳолаш учун самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) жорий этилганди.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари учун KPI Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Туман, шаҳар ва вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари мақсадларни ҳокимлардан, Қорақалпоғистон вазирлари эса Вазирлар Кенгаши раисидан олади.

KPI ижроси тўғрисидаги маълумотлар samaradorlik.uz тизимига ҳар чоракда келиб тушади. Унинг асосида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари учун иш самарадорлиги рейтингини шакллантиради.

Мансабдор шахслар ва бошқа раҳбарларга берилган баҳолар қуйидаги тизим бўйича аниқланади:

  • KPI фоиздан кам бажарилганда — қониқарсиз;
  • 70−85 фоиз бўлганда — қониқарли;
  • 85−100 фоиз бўлганда — яхши;
  • 100 фоиздан юқори — аъло.

Рағбатлантирувчи тўловлар миқдори самарадорликни баҳолашга боғлиқ бўлади. Чорак давомида қониқарсиз натижа кўрсатган раҳбар ва ўринбосарлар учун рағбатлантириш тўловлари кейинги уч ойга тўхтатилади.

Президентнинг 20 декабрдаги фармони билан туман ва шаҳар ҳокимликларига кўпроқ молиявий эркинлик берилиши кўзда тутилган. Маҳаллий бюджетларда йиғилган солиқларнинг кўпи — ер, мол-мулк ва айланмадан олинадиган солиқларнинг 100 фоизи, шунингдек, даромад солиғининг камида 50 фоизи қолади. Кенгашлар солиқларнинг базавий ставкаларига нисбатан коеффициентларни қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳокимликларга 6 ой давомида сотилмаган, қиймати 1,875 млрд сўмгача бўлган 10 минг квадрат метрдан ортиқ бино ва участкаларни тўғридан-тўғри сотиш ёки ижарага беришга рухсат берилади. Ўзбекистон ҳудудларига ҳар бир туман ва шаҳар учун камида бешта драйвер лойиҳасини тасдиқлаш топширилди.

Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликлари 8 та вазирлик ва идоранинг бўлим раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш ҳуқуқига эга бўлади. 15 та туманда «Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатига хизмат қилиш» ҳуқуқий тажрибаси ўтказилади.