24 декабрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Йиғилишда мудофаа вазири Қуролли Кучлар, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга оид бошқа масалаларга оид маълумотларни тақдим этди.

Йиғилишда миллий армиянинг жанговар шайлигини ошириш мақсадида «замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари» қўшинларга татбиқ этилгани таъкидланди.

мудофаа вазирлиги, учувчисиз учиш аппаратлари

Натижада ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилган, дейилади тадбирда.

«Йил давомида АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган. Ўқувларда асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга, уларга қарши курашиш ва бошқарув маҳоратини оширишга, стратегик, оператив ва оператив-тактик бўғинларда бўлинмалар томонидан янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилишига қаратилган.

Бундан ташқари, 2024 йилда Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонда жанговар мутахассислик бўйича ўқитилган.

Ички ишлар вазирлигининг «Манзил», Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Хорижга чиқиш паспорти», «Ёшлар баланси» ҳамда «Электрон ҳукумат» платформалари интеграция қилиниб, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга оид маълумотлар электрон базаси яратилган.

«Натижада мудофаа ишлари органларининг фуқароларга ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш фаол давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди. Уларга оид маълумотларни тақдим қилиш билан боғлиқ масалаларда бюрократизм ва бошқа тўсиқларга барҳам берилган», — дейилади хабарда.