Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП партиясидан сайланган депутат Нуриддин Султонов Тошкент шаҳридаги электромобилларни қувватлаш станциялари электрдан узиб қўйилиши бўйича Энергетика вазирлиги ва Кадастр агентлигига депутатлик сўрови юборди, деб хабар қилди партия матбуот хизмати.

Мурожаатда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва «яшил» иқтисодиётга ўтишнинг жадаллашуви натижасида электромобиллар сони ортиб бораётгани қайд этилган. 2024 йилнинг 10 ойида Ўзбекистонга 20 мингдан ортиқ электромобиль импорт қилинди. Бундан ташқари, уларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ушбу жараён электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасининг ривожланиши ва кенгайиши заруратини юзага келтирди. Кўплаб хизмат кўрсатиш объектлари атрофида тадбиркорлар томонидан электромобилларни қувватлаш станциялари ўрнатилди ва аҳолига хизмат кўрсатиш жорий қилинди.

Ҳукумат қарори билан, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларининг лойиҳаларига мажбурий тартибда электромобилларни қувватлантириш станцияларини киритиш талаби ҳам белгиланган.

Бироқ пойтахтда ўрнатилган, хусусан субабонент сифатида электр тармоқларига уланган ва электрдан қарздорлиги мавжуд бўлмаган электромобилларни қувватлаш станцияларини электрдан узиб қўйилаётгани тадбиркорлар томонидан эътирозларга сабаб бўлмоқда, дейидади сўровда.

Депутат Энергетика вазирлигидан қувватлантириш станцияларининг электр тармоғидан узилгани бўйича асослантирилган тушунтириш беришни, Кадастр агентлигидан эса Тошкент шаҳридаги станцияларни демонтаж қилиш талаби сабабларини асослаб беришни сўради.