24 декабрь куни Шавкат Мирзиёевга мактабгача ва мактаб таълими тизимида 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар бўйича ахборот берилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мактабгача таълим тизими илғор хорижий тажрибалар асосида янгича ривожланиш босқичига ўтди. Хусусан, сўнгги йилларда болалар боғчалари сони 8 баробар ошиб, 38 мингтага, қамров эса 27 фоиздан 76 фоизга етган.

Мамлакатда мактаб таълимини ривожлантириш, хабарда айтилишича, умуммиллий ҳаракатга айланган. Охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, бу йил 608 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган. Ёшларга иккинчи хорижий тил ва касб ўргатиш кенгайтирилиб, илк бор 530 та мактабда инклюзив таълим йўлга қўйилган.

Йиғилишда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова навбатдаги режалар юзасидан ахборот берди. Унинг қайд этилишича, келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаблар ташкил этилиб, 257 минг ўқувчи ўрни очилади. Давлат таълим дастури халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштирилади. Иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар 420 тага, касб-ҳунар ўргатиладиганлари 400 тага етказилади.

боғча, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими, президент, таълим

Дунёдаги илғор тажрибалар, янги услублар амалиётга киритилмоқда, таъкидлади вазир. Жумладан, бу йил 1 минг 500 та умумтаълим мактабида янги баҳолаш тизими жорий қилинди. Натижалар таҳлилидан келиб чиқиб, бу тажриба яна кенгайтирилади.

Ўқитувчиларга малака тоифасини беришда ҳам рақамлаштирилган тизимга ўтилган. Энди тоифасини оширган педагоглар рағбатлантирилади, уларга тўплаган балига қараб 70 фоизгача устама берилади.

Давлат раҳбари малака синовлари тартибини такомиллаштириш, соғлом рақобат муҳитини яратиб, барча педагогларга тенг имконият бериш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда кейинги йилдан ҳудудлардаги малака ошириш марказларида ўқув жараёнлари ўзгартирилади. Бунда ҳар бир ўқитувчининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, табақалашган малака ошириш тизими жорий қилинади. Малака синовидан ўта олмаганлар алоҳида дастур асосида қўшимча ўқитилади.

Шунингдек, вилоятлардаги 5 та педагогик маҳорат маркази замонавий шароитда иш бошлайди. Барча марказлар ситуацион ўқув техникалари ва виртуал лаборатория билан жиҳозланади.

Таълим ташкилотларига малакали раҳбарларни жалб этиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча манбалар ҳисобидан мактаб ва боғчалар директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарларини моддий рағбатлантириш таклифи билдирилди.

Хабарда айтилишича, президент қарорига мувофиқ, ўқувчиларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимига эътибор берилди ва, хусусан, юқори синфларда ҳарбий ватанпарварлик дарслари бир соатга кўпайтирилди. Ушбу йўналиш ўқитувчилари нуфузини ошириш учун уларга ҳарбий унвон бериш тартиби белгиланди.

боғча, мактаб, мактабгача ва мактаб таълими, президент, таълим

Келгуси ўқув йилигача бу фан бўйича янги дарсликлар ишлаб чиқиш, касбий салоҳияти юқори ўқитувчиларни ишга жалб этиш режалаштирилмоқда. Мудофаа вазирлиги билан бирга 208 та таълим масканида тарбияси оғир ўқувчилар ҳам қамраб олинадиган «Жасорат мактаблари» ташкил этилади.

Яна бир президент фармони билан, 2025 йилдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотининг директори ўринбосари лавозими жорий этилади. «Методик маҳорат соати», «Методик маҳорат куни» каби малака ошириш шакллари ташкил қилинади.

Кейинги йил 162 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 100 та хусусий ва мингта оилавий боғча очилади. Булар орқали мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилади. Мактабга тайёрлов гуруҳлари билан бошланғич синф ўқув дастурларининг узвийлиги оширилади.

Президент соҳани барча ҳудудларда ривожлантириб, умумий таълим сифатини ошириш, бунда, айниқса, чекка туманларга алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.