Фарғона шаҳар Янгийўл маҳалласида жойлашган Petrolium автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида 17 декабрь куни соат 13:45 ларда портлаш ва ёнғин юз берган эди. Расмийлар томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов ва оператор-монтажчиси Шаҳзод Ҳабибуллаев ҳодиса жойидан репортаж тайёрлаш мақсадида 20 декабрь куни Фарғона шаҳрида бўлиб қайтди. Қуйида сафар тафсилотлари мухбир Миролим Исажонов тилидан баён қилинади.

Тонг соат 8:00 ларда қорли Фарғонага етиб келдик. Аэропорт билан портлаган АЁҚШ ораси машинада тахминан 20 дақиқалик йўл экан. Чамаси 60 ёшлардаги таксист амаки билан суҳбатимиз ўз-ўзидан портлаш мавзусига боғланиб кетди.

«Қуда тарафдан бир қариндошимиз ўша куни Cobalt’ида оиласи билан ёқилғи қуйдиргани шу ерга келган экан. Болалари ва ўзи машинадан тушгач, шохобчани бирдан туман босган. Яқинлари ўзини ҳимоя қилиш учун четга қочган. Ҳеч қанча ўтмай машинаси олов ичида қолган. Қариндошимиз оловни ўчиришга уринганини кўрган шохобча ишчилари келиб, ёрдамлашган. Хайриятки, ўзи ва оиласи омон қолган. Лекин ҳозир ҳам кучли шок ҳолатида юришибди, машинасининг кўп жойи зарар кўрган», — деди у.

Кадр: TelegramКадр: Telegram

Таксичи амаки 17 декабрдан буён бутун шаҳарда айланиб юрган гап-сўзларга таяниб айтишича, портлаш бўлган вақтда шохобча ичида ишчилар, ёқилғи қуйдириш учун у ерга кирган машиналар кам бўлмаган. «Шунинг учун ҳам тўрт киши ўлди, деган гапга одамларнинг ишониши қийин бўляпти», — дея қўшимча қилди ҳайдовчи.

Биз ҳодиса жойига етиб борганимизда шохобча жойлашган Аҳмад Яссавий кўчасининг икки боши ҳам транспорт ҳаракати учун ёпиб қўйилган, кўча бошида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари навбатчилик қилаётганди. Шохобчанинг ўзи ҳам баланд тунука деворлар билан ўраб олинган, атрофида ФВВ, ИИБ, Миллий гвардиянинг ўнлаб ходимлари, ўт ўчириш машиналари ишлаётган эди. Ҳавода газ ҳиди анқирди.

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

АЁҚШ эскитдан бўлган, аммо авваллари фақат бензин сотган. Биз билан суҳбатлашган фарғоналикларнинг сўзларига кўра, 2024 йили шохобчада пропан газ ёқилғиси ҳам сотила бошлаган. Аҳоли аввалбошдан мазкур шохобча фаолиятига қарши бўлган.

«Заправка қурилаётган пайтда қаршилик қилгандик. Лекин улар арз-додимизга қулоқ тутмади. Энди жабрини оддий халқ тортяпти. Одамлар ўлди. Уйимиз вайрон бўлди», —деганди ҳодиса жойига яқин яшовчи аҳоли вакилларидан бири «Kun.uz»га берган интервьюсида (ўша суҳбатдош «аҳолининг бошига мусибат келтирган заправка» дея таърифлаган шохобча 22 декабрь куни «эгасининг хоҳишига кўра» бузиб ташланаётгани маълум бўлди).

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Биз ҳам аҳолидан интервью олиш мақсадида портлаган шохобча қаршисидаги етти қаватли уйга кирдик. Эшигини тақиллатганимиз барча хонадонлардан ҳам жавоб бўлгани йўқ. Эшик очганлар эса «дом»дагилар эвакуация қилингани, кўпчилик ҳали уйига қайтмаганини айтди. Аммо интервью беролмаслигини билдирди.

«Kun.uz»га интервью берганлар портлашнинг эртасига расмийлар «яна газ сизиб чиқяпти» деган важ билан одамларни «уйдан совуққа ҳайдаб чиқаргани»ни, одамлар «ёш гўдаклари билан қировли кунда кўчада изғишга» мажбур бўлганини таъкидлаган эди. Уларнинг айримлари «аҳвол шундай бўлса, эвакуация қилмайдими, жой қилиб бермайдими?» қабилида эътироз ҳам билдирганди.

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Воқеадан уч кун ўтиб, нафақат портлашдан зарар кўрган кўп қаватли уйларда, балки шунчаки кўчада ҳам портлаш юзасидан интервью беришга рози кишиларни топиш жуда қийин бўлди. Одамлар камерага гапиришни рад этган бўлса-да, ҳодиса оқибатида вафот этганлар қайси тарафда яшашини кўрсатиб юборди.

Расмийлар 17 декабрдаги портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлганини тан олган бўлса-да, шу кунгача қурбонларнинг на исми, на ёши ва на жинсини очиқлади. Биз Фарғонага йўл олишимиз арафаси ижтимоий тармоқларда бир она икки ўғли билан бирга Фарғона шаҳридаги «Сирпўш ота» қабристонига дафн этилиши, улар портлаш қурбонлари экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Фарғонага бориб билдикки, АЁҚШдаги портлаш оқибатида шаҳарнинг Зарбдор маҳалласида яшовчи 36 ёшли она ҳамда унинг 4 ва 2 ёшли ўғиллари билан бирга аёлнинг 18 ёшли қиз жияни ҳам ҳаётдан кўз юмган (уларнинг исмлари «Газета.uz»га маълум, бироқ камерага интервью берган қариндошлар кейинчалик суҳбатни чиқармаслигимизни сўради). Аммо бу тўрт марҳум расмийлар ахборотидаги қурбонларми ёки йўқ — бу савол очиқ қолди.

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Биз келини, унинг икки ўғли ва қиз жияни вафот этган хонадонда бўлиб, марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилдик, хонадон эгаларининг розилиги билан вафот этган она, унинг фарзандлари ва жияни ҳақида, ҳодисадан кейинги аҳвол борасида интервью олдик…

Дастлабки хабарларда портлаш оқибатида 4 киши тан жароҳати олгани, яна 8 киши шифокорлар назоратига олингани айтилган эди (кейинчалик тан жароҳати олганларнинг уч нафари вафот этди). Биз омон қолган жабрланувчилар билан суҳбатлашиш ва уларнинг аҳволи ҳақида мутасаддилардан маълумот олиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига ҳам бордик.

Тан жароҳати олганлар даволанаётган касалхона. Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Тан жароҳати олганлар даволанаётган касалхона. Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Лекин у ерда салкам уч соат беҳуда сарсон бўлганимиз қолди. Жумладан, марказ раҳбарияти бу масалада шифокорлар гапиришини айтди, шифокорлар эса тўлиқ маълумотни раҳбарият беришини билдирди. Шифокорлар ўзлари интервью бермагани етмаганидек, даволанаётган беморларнинг интервью беришига уларнинг яқинлари жуда қарши эканлигини таъкидлашдан чарчамади.

Биз тиббиёт маркази раҳбариятидан портлаш содир бўлган куни биринчи ва сўнгги жабрланувчилар қачон, соат нечада олиб келингани, жабрланувчиларнинг жами сони, ёши ва жинси ҳақидаги маълумотларни очиқлашни сўрадик. Аммо улар бу ҳақда маълумот бера олмаслигини айтишдан нарига ўтмади.

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Очиқ қолаётган ушбу саволларга жавоб топишда Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Маъсуджон Сулаймонов ҳам ёрдам беролмади. Вилоят ФВБ матбуот котиби Аҳлиддин Алижоновга эса кун давомида камида 10 марта қўнғироқ қилдик, аммо бирор марта гаплаша олмадик.

Ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги портлаш оқибатида вафот этганлар сони аслида тўрт нафардан кўплиги ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Биз суҳбатлашган фарғоналиклардан бири ҳам ҳодиса қурбонлари аслида кўпроқ эканига «ўзи ўликхона (морг)га борганида гувоҳи бўлгани»ни таъкидлади. Аммо Фарғона шаҳридаги бир нечта қабристон масъуллари, АЁҚШ атрофидаги аҳоли билан суҳбатлашиб, ҳодиса қурбонлари тўрт нафардан кўп экани ҳақидаги хабарларни тасдиқловчи далиллар ёки гувоҳликларни тополмадик.

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Аммо давлат органлари ҳам Фарғонадаги ҳодиса юзасидан ўз вақтида, ортиқча шубҳа-гумонларга ўрин қолдирмайдиган тарзда ахборот бериб борди, деб бўлмайди. Ҳодиса жабрдийдаларининг ёши, жинсига оид оддий маълумот ҳам берилгани йўқ. Шунингдек, портлаш оқибатида етказилган зарар кўлами ва уни қоплаш чоралари ҳам очиқланмади (масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалган дастлабки видео ва фотохабарларда ёнган, куйган автомобиллар кўп эди). Бундан ташқари, АЁҚШ кимга тегишли, қандай қилиб битта АЁҚШнинг ўзида бензин ҳам, пропан ҳам сотилган, у қандай қилиб турар жой мавзеси ичида қолиб кетган, ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида кимлар қўлга олинган — бу саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Фото: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Назаримизда, расмийлар Фарғонадаги ҳодиса тафсилотларини жамоатчиликка етказишда ўзларига юклатилган минимал талабларни ҳам қониқарли бажармади. Нохуш миш-мишлар урчишига сабаб бўладиган мавҳумлик кўпайиб кетди. Ваҳоланки, бундай ҳодисалар юз берганида давлат янада очиқроқ ва ошкорароқ ишлаши барча учун манфаатлидир.

P. S. Тошкентга қайтганимиздан кейин, портлаш қурбонларининг биз суҳбатлашган яқинлари алоқага чиқиб, интервьюларни чиқармай туришни сўради. 22 декабрь куни эса яна алоқага чиқиб, суҳбатни умуман чиқармасликни талаб қилди.