Татаристоннинг Малореченский қишлоғидаги чорвачилик мажмуаси ҳудудида ишчиларнинг вақтинчалик яшаш уйи ёниб кетди, деб хабар берди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бино ичида 39 киши бўлган. 33 киши мустақил равишда ташқарига чиқа олган, улардан бири жароҳатланган. Ўт ўчириш вақтида 6 нафар эркакнинг жасади топилган.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар ўзбекистонлик бўлган. Яқин орада ҳодиса юзасидан баёнот берилиши қўшимча қилинди.
Россия ФВВнинг 14 нафар мутахассиси ва 4 та техника воситаси 300 квадрат метр майдондаги ёнғинни бартараф этди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ.
Ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш учун Ўзбекистон бош консулхонаси дипломатлари воқеа жойига етиб борди, дейилади мамлакатнинг Қозон шаҳридаги бош консуллиги хабарида. «Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва ваколатли органлар ва тиббиёт муассасалари билан доимий алоқада бўлиб турибди».
Бир ҳафта олдин Россиянинг Ульяновск вилоятидаги ЙТҲда 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди.