Қувондиқ Санақулов Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 24 декабрь куни қўмитада Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти иштирокида мамлакат гандбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди. Унда федерацияга янги раҳбар сайланди ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси кўриб чиқилди.
Тадбирда «Навоий кон-металлургия комбинати»нинг бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Санақулов Қувондиқ Санақулович номзоди Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси лавозимига илгари сурилди.
Спорт вазири Адҳам Икрамов бир неча йиллар давомида мамлакат сузиш федерацияси раиси лавозимида фаолият олиб борган Қувондиқ Санақулович ҳақида фикр билдирди. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллади ва у мамлакат гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди.
Қувондиқ Санақулов 2008 йилдан бери «Навоий кон-металлургия комбинати» раҳбари лавозимида ишлаб келади. У Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, бир қанча фахрий унвонлар совриндори.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон гандбол федерациясининг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси атрофлича кўриб чиқилди. Унда расмийлар бўлажак Олимпия ўйинларида жамоавий спорт турларида ҳам йўлланма олиш муҳим экани, бунинг учун барча терма жамоаларга керакли шароитлар яратиб берилиши ҳақида тўхталиб ўтди.