2025 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарлар ҳокимликлари янги маъмурий ваколатларга эга бўлади. Бу президентнинг 20 декабрдаги фармонида (ПФ-223) назарда тутилган.

Ҳужжат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.

Унга кўра, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида «доимий алоқа» тизимини яратиш мақсадида Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини тузиш ваколати берилди.

Шунингдек, улар 2025 йилдан бошлаб вазирлик ва идораларнинг бўлимлари раҳбарларини ҳудудий бошқармалар билан келишган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, тегишли масъулларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш имкониятига эга бўлади.

Гап қуйидаги бўлимлар ҳақида кетмоқда:

  • иқтисодиёт ва молия бўлими;
  • камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими;
  • инвестициялар, саноат ва савдо бўлими;
  • қишлоқ хўжалиги бўлими;
  • қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими;
  • маданият бўлими;
  • оила ва хотин-қизлар бўлими;
  • Ёшлар ишлари агентлиги бўлими.

2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида айрим туман ва шаҳарларнинг (рўйхат қуйида келтирилган) ҳокимликлари фаолияти «Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш» дея номланган янгича ёндашуви асосида ташкил этилади.



Вилоят
Туман ёки шаҳар
1
Қорақалпоғистон
Қўнғирот тумани
2
Қорақалпоғистон
Чимбой тумани
3
Андижон вилояти
Асака тумани
4
Бухоро вилояти
Ғиждувон тумани
5
Жиззах вилояти
Ғаллаорол тумани
6
Қашқадарё вилояти
Яккабоғ тумани
7
Навоий вилояти
Хатирчи тумани
8
Наманган вилояти
Чортоқ тумани
9
Самарқанд вилояти
Булунғур тумани
10
Сирдарё вилояти
Сирдарё тумани
11
Сурхондарё вилояти
Денов тумани
12
Тошкент вилояти
Янгийўл шаҳри
13
Фарғона вилояти
Қува тумани
14
Фарғона вилояти
Марғилон шаҳри
15
Хоразм вилояти
Шовот тумани

Бунда вазирлик ва идораларнинг туман ва шаҳар бўлинмалари амалдаги штат бирликлари ҳисобига ҳокимга тўғридан-тўғри ҳисобот берадиган ва лойиҳани бошлаб, якунига етказадиган малакали xодимлардан иборат лойиҳа офислари ташкил этилади.

Лойиҳа офисларини тузиш ва штат бирликларини тақсимлаш масалалари Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бу органлар бир ҳафта ичида ўз хулосаларини тақдим этиши керак.

Вазирлик ва идоралар лойиҳа офисларига жалб қилинган ходимларни рағбатлантириш учун бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Бир марталик рағбатлантириш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача етиши мумкин.

Рағбатлантириш лойиҳа офислари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижадорлигига боғлиқ бўлади.

Шунингдек, вазирлик ва идораларга ўзининг тегишли комплексига кирувчи туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарларини ҳар йили квота доирасида тажриба алмашиш, замонавий иш услубларини ўргатиш мақсадида вазирлик (идора)ларнинг марказий аппаратига жалб этиш топширилди.

Вазирлик ва идораларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган салоҳиятли кадрлари (бўлим бошлиғи ва ундан юқори лавозимлар)ни ротация асосида масъул лавозимларга вақтинчалик ўтказиш тартибини жорий этилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу тартибни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак.

Ҳудди шу фармон билан ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Унга кўра, ҳокимликларга балансидаги кўчмас мулкларни муайян шартлар асосида тадбиркорларга тўғридан-тўғри 10 йилга ижарага бериш ваколати берилмоқда.