Ушбу материал дастлаб 2024 йил 20 ноябрда рус тилида эълон қилинган.
Биз, 11 йиллик мажбурий таълим Конституция ва «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ кафолатланганлиги сабабли, мамлакатда барча болалар мактабга қатнайди ва ўрта мактабни тамомлаганлик ҳақидаги шаҳодатномани олади, деб ҳисоблаб келганмиз. Лекин БМТнинг Болалар жамғармаси — UNICEF томонидан эълон қилинган Ўзбекистондаги болалар ва ўсмирлар вазиятининг таҳлили («Газета.uz» ҳужжатнинг қисқача шарҳини эълон қилган эди) шуни кўрсатадики, болаларнинг таълим тизимидан ўтиши жараёнида ўрта таълимдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва қамров даражаси билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
2021−2022 ўқув йилида Ўзбекистонда бошланғич таълим билан қамраб олиш даражаси 99 фоизни, ўрта мактабга қабул қилиш даражаси эса 97 фоизни ташкил этган. Мажбурий таълимнинг охирги икки йилида, яъни ўрта мактабнинг юқори синфларида таълимни тамомлаш кўрсаткичи бироз пасайиб, 94 фоизни, энг камбағал оилалар фарзандлари орасида эса 89 фоизни ташкил этган. Бу эса камида юз минглаб болалар мажбурий ўрта таълимдан четда қолиб, касб-ҳунар ёки олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлаётганини англатади.
Бунга сабаб нима ва онлайн таълим бу муаммони ҳал қилишда қандай ёрдам бериши мумкин? Бу ҳақда «Газета.uz» Нодавлат таълим муассасалари уюшмаси раиси, Leader school асосчиси ва раҳбари Феруза Ваҳобова ва унинг жамоаси билан суҳбатлашди. Улар бир неча йилдан буён Ўзбекистондаги илк тўлақонли онлайн мактаб — LeaderOnlineʼни синовдан ўтказяпти.
Биз Феруза Наримановна билан кечқурун, шаҳар аҳолиси ишдан уйга қайтаётган пайтда учрашдик. У мени мактабнинг асосий биносидан алоҳида бинога бошлаб борди. У ерда вақт кеч бўлишига қарамай, қизғин иш жараёни устидан чиқдик. Мен ҳайрон бўлдим: ўтган сафар лойиҳани ишга тушириш ҳақида суҳбатлашганимизда, онлайн мактабни қўллаб-қувватлаш хоналари Leader мактаби ичида жойлашган эди. «Ҳа, — жилмайди у, — лойиҳа кенгаймоқда».
Даставвал мактаб тьютори Абдували Исматуллаевдан онлайн мактабни ташкил этишнинг техник жиҳатлари ҳақида сўраб билдик. Онлайн мактабнинг ўқув календари — ўқув йилининг бошланиши ва тугаши, чораклар, таътиллар — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув календарига мос келади. Машғулотлар икки хил форматда: асинхрон ва синхрон тарзда ўтказилади.
Асинхрон машғулотлар LeaderOnline платформасида ўтказилади. Бу, моҳиятан, олдиндан ёзиб олинган видеодарслар ва тақдимотлардан иборат. Ўқувчилар видеодарс ёки тақдимотни томоша қилади ва тизим томонидан автоматик текшириладиган тестларни ечади.
— Бундай форматда — видеодарс ёки тақдимот форматида, масалан, чет тили дарсларида мулоқот кўникмаларини ривожлантириш қандай амалга оширилади?
Абдували Исматуллаев: Асинхрон дарслардан ташқари, барча асосий фанлар бўйича синхрон дарслар ҳам назарда тутилган бўлиб, бундай кўникмалар айнан синхрон дарслар давомида ривожлантирилади. Синхрон дарслар MSTeams муҳитида ўтказилади. Ҳар бир синф учун (ҳа, онлайн мактабда ҳам оддий мактабдаги каби синфлар, гуруҳлар мавжуд) жадвал тузилади — дарс 40 дақиқа давом этади, кейин танаффус, сўнг кейинги дарс ва ҳоказо. Дарсларга ҳаволалар тизимнинг «Календар» бўлимида кўрсатилади. Ўқитувчи ўқувчилар билан доимий алоқада бўлиши учун машғулотлар пайтида камераларни ёқиб қўйиш сўралади.
Дарслар платформада ёзиб олинади ва сақлаб қўйилади — бу, айниқса, бола у ёки бу сабабларга кўра дарсни ўтказиб юборган ёки шунчаки мавзуни яна бир бор тинглашни истаган тақдирда, жуда қулай. Шунингдек, мактабда бошқа вақт минтақаларида, масалан, Америка, Австралияда яшовчи ўқувчилар ҳам таълим олади — агар улар, айтайлик, вақтдаги тафовут туфайли, синхрон машғулотларда қатнаша олмаса, ёзиб олинган дарс машғулотларини томоша қилади.
Жисмоний тарбия, тасвирий санъат ва технологиядан ташқари деярли барча фанлар бўйича асинхрон ва синхрон машғулотлар кўзда тутилган. Уларнинг нисбати, одатда, қуйидагича: 30 фоиз асинхрон дарслар ва 70 фоиз синхрон дарслар. Жисмоний тарбия, тасвирий санъат ва технология бўйича машғулотлар фақат асинхрон форматда олиб борилади.
Ўқувчиларни мактабга қабул қилишдан олдин улардан тест топширишларини сўраймиз — бу болаларнинг ҳозирги билим даражасини: улар давлат стандарти бўйича билишлари ва бажара олишлари керак бўлган нарсаларни қай даражада ўзлаштирганликларини аниқлаш учун зарур.
Шундан сўнг, ўқувчилар бошланғич синфлар учун икки ой ва юқори синфлар учун бир ой давом этадиган мослашув курсидан ўтади. Курс бир нечта блоклардан иборат: рақамли саводхонлик кўникмалари ва улар ишлаши керак бўлган платформани, шунингдек, ахборот билан ишлаш, конспект қилиш ва эслаб қолиш усулларини ўрганиш.
Феруза Ваҳобова: Болалар асосан рақамли саводхонлик кўникмаларисиз келади, баъзан, айтайлик, тизимга ўз логин ва пароли билан кириш сингари элементар нарсаларни ҳам қила олмайди. Мослашув курси айнан шу тўсиқни енгиб ўтиш учун зарур. Ўқувчини онлайн мактабга қабул қилиш тўғрисидаги қарор у мослашув курсини муваффақиятли тугатгандан сўнг қабул қилинади.
— Онлайн мактабда сиз берадиган ўқув дастури анъанавий мактаб бериши керак бўлган дастурни тўлиқ такрорлайдими?
Лола Файзиева, ўқув жараёни координатори: Мавзу жиҳатдан — ҳа, яъни биз анъанавий мактабда ўтиладиган мавзуларни ўтамиз. Бироқ дарслар, топшириқлар, тестларнинг мазмунини ўзимиз ишлаб чиқамиз.
— Масалан, 5-синф учун математикани олайлик: сиз болаларга берадиган топшириқлар вазирлик томонидан тасдиқланган дарсликдан олинганми ёки мутахассисларингиз томонидан ишлаб чиқилганми?
Лола Файзиева: Топшириқларни ўзимиз тузамиз. Яъни, анъанавий мактабда давлат стандарти бўйича ўтилиши керак бўлган ўша мавзулар, ривожлантиришимиз керак бўлган ўша кўникма ва малакалар, лекин ўзимизнинг материалларимиз асосида.
Феруза Ваҳобова: Баъзи фанларда биз ўқувчиларни билим даражасига кўра гуруҳларга ажратамиз ва дарс мазмунини уларнинг даражасига мос тарзда берамиз. Масалан, инглиз тили — бир синфда бошланғич даражадаги болалар ҳам, B2 даражадаги болалар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун бу ерда биз даражага эътибор қаратамиз — масалан, A1 даражали дарсда 5-синф, 6-синф ва 7-синф ўқувчилари бўлиши мумкин. Ўқувчи жорий даражани тугатмагунча кейинги даражага ўтмайди.
— Асинхрон дарсларда ўқувчиларнинг билими қандай текширилиши бўйича юқорида айтиб ўтдингиз, синхрон дарсларда баҳолаш қандай ўтказилади?
Лола Файзиева: Бу ерда баҳолашнинг турли усуллари қўлланиши мумкин: фаннинг ўзига қараб очиқ турдаги топшириқлар, амалий машғулот ёки лаборатория ишлари, жамоавий лойиҳалар ва ҳоказо. Масалан, агар бу алгебра ёки геометрия бўлса, баҳолаш очиқ турдаги топшириқлар — масала ва тенгламаларни ечиш воситасида бўлиши мумкин, физика ёки кимё бўйича баҳолаш амалий машғулот ёки лаборатория ишлари орқали амалга оширилади. Лаборатория ишлари, ўз навбатида, виртуал лаборатория (тренажёр)дан фойдаланган ҳолда топшириқларни ёки ўқувчилар уйда ёрдамчи воситалар ёрдамида бажарадиган ва натижани ўқитувчига ҳисобот ёки видеоҳисобот шаклида юборадиган тажрибаларни ўз ичига олиши мумкин. Ҳар бир топшириққа уни қандай бажариш ва натижани ўқитувчига қандай юбориш кераклиги ҳақидаги йўриқнома илова қилинади.
Абдували Исматуллаев: Баҳолаш методикаси бир неча иш туридан иборат. Форматив баҳолаш — ўқувчининг фаоллигини, хусусан, дарсда қандай иштирок этиши, ўқитувчининг саволларига жавоб бериши, уй вазифаларини бажариши ва бошқаларни таҳлил қилиш. Уйга берилган топшириқлар текшириб, ўз мулоҳазаларини билдириши учун ўқитувчига юборилади. Шунингдек, LeaderOnline платформасида бажариладиган махсус автоматик текшириладиган тестлар ҳам мавжуд бўлиб, бу ҳам форматив баҳолашнинг бир қисмидир.
Ўқувчининг чораклик баҳоси ҳам ўқувчи томонидан бажариладиган ва ўқитувчига MSTeams платформаси орқали юбориладиган очиқ турдаги топшириқлар ва ўқувчилар бир вақтда ёзадиган назорат ишлари учун берилган баҳолардан жамланади. Асосий фанлар, масалан, тиллар, табиатшунослик бўйича ҳам биз ўқувчилар маълум бир вақт, масалан, бир ой давомида бажарадиган ва маълум бир муддатгача топширадиган лойиҳалар — ишларни берамиз. Бу, шунингдек, болаларда режалаштириш ва вақтни бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Феруза Ваҳобова: Вазирлик томонидан жорий қилинаётган мезонга асосланган баҳолаш тизимини жорий этишга ҳаракат қилдик, лекин натижа бермади.
Менинг назаримда, ҳар бир мактабнинг айнан шу мактаб ва унинг контингенти таълим мақсадларига мослаштирилган ўз баҳолаш сиёсати бўлиши керак. «Скелет» — баҳолашнинг умумий қоидалари — ҳамма учун умумий бўлиши мумкин, лекин «мушаклар»ни — ёндашувлар ва мазмунни — мактабнинг ўзи «ўстириши» лозим.
— Болалар топшириқларни ўзлари бажариши ва кўчирмаслигини қандай назорат қиласиз?
Лола Файзиева: Ўқитувчилар боланинг турли хил ишларда олган баҳоларини таққослаши ва номутаносибликларни аниқлаши мумкин. Масалан, бола дарсларда суст жавоб берган, лекин назорат ишини кутилмаганда «аъло»га ёзган бўлса, ўқитувчида саволлар пайдо бўлиши ва у ишни ўзи бажарганлигига ишонч ҳосил қилиш учун бола билан алоҳида гаплашиши мумкин. Жисмоний тарбия бўйича якуний имтиҳонлар ёки меъёрларни топшириш каби баъзи ишлар офлайн тарзда амалга оширилади — ўқувчилардан уларни топшириш учун мактабга келишларини сўраймиз.
Феруза Ваҳобова: Бола ўз ишининг баҳоланиш мезонлари — қандай иш учун «5», «4» ва ҳоказо баҳо олишини билади. Ўз таълими учун ўзи масъул эканлигини тушунганида, бола алдамайди. Биз бошиданоқ болага ўз таълим-тарбияси учун ота-онаси ёки бошқалар эмас, балки айнан ўзи масъул эканлигини тушунтирамиз. Масъулият — онлайн таълимда ривожлантириладиган сифатлардан биридир.
— Онлайн мактабга кимлар — қандай тоифадаги ўқувчилар «қатнайди»?
Феруза Ваҳобова: Турли сабабларга кўра анъанавий мактабга қатнай олмайдиган болалар бор. Булар узоқ вақт давомида хорижда бўлиб турган, масалан, спорт мусобақаларида иштирок этаётган ёки ота-онасининг узоқ муддатли хизмат сафарларида улар билан бирга яшайдиган болалар бўлиши мумкин.
Онкологик касалликларга чалиниб, бизда ёки чет элда узоқ муддатли даволаниш курсларидан ўтаётган болалар ёки, айтайлик, болалар церебрал фалажи туфайли ҳаракатлана олмайдиган болалар бор. Диққат етишмаслиги ва гиперфаоллик синдроми ёки аутизм билан касалланган болалар ҳам бор.
Масалан, бизда аутизмга чалинган ўқувчи қиз бор, у ҳар куни ўқиш учун бу ерга келади. Асоциал хулқ-атвор туфайли таълим олишда қийналаётган болалар ҳам мавжуд. Маълум бўлишича, шундай касалликлар борки, улар туфайли мактабга қатнаш имконсиз. Бир ҳолат бўлган эди — «капалак касаллиги» (буллёз эпидермолиз) билан оғриган бола — унга ҳеч нарсага тегиниш мумкин эмасди.
Таълимда инклюзивлик ҳақида гапираётганимизга қарамай, бизда ҳали ҳам турли тоифадаги болалар учун қулай муҳит билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Биз турли тоифадаги болалар учун индивидуал ёндашув, индивидуал ечим топишга ҳаракат қиламиз.
Шуни ҳам тушуниш керакки, турли сабабларга кўра фарзандларини мактабга юборишни хоҳламайдиган ёки юбора олмайдиган ота-оналар ҳам бор. Масалан, оилада ёш бола ёки кекса буви ва бобо бўлади ва бола ота-онаси ишда бўлганида уларга ғамхўрлик қилишга ёрдам беради, чунки ёрдамлашадиган бошқа ҳеч ким йўқ. Ёки мактабда ўқитувчилар етишмайди ва ота-оналар бола мактабда вақтини шунчаки беҳуда ўтказади, деб ҳисоблайди.
Шундай ҳолат ҳам бўлганки, мактабда буллинг ва стресс туфайли болада қондаги қанд миқдори ошган, ота-оналар буни билиб қолиб, болани мактабга юборишни хоҳламаган. (UNICEF томонидан эълон қилинган Ўзбекистон таълим секторининг таҳлилига кўра, ўқувчиларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи у ёки бу кўринишдаги буллингга дучор бўлади, бу уларнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатади — таҳр.).
Шундай болалар ҳам борки, улар мактаб ёшиданоқ ишлашга ва оиласига ёрдам беришга мажбур. Қонунчилик бунга тўсқинлик қилмайди, бизда 16 ёшдан ишлашга рухсат берилган. Онлайн формат бундай болаларга мактабни тамомлаб, ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномани олиш имконини беради.
Тажриба натижаларига кўра, бизда болаларнинг мактабга бормаслиги сабабларини таҳлил қилиш ва тизимлаштириш имконияти бўлади.
Ушбу онлайн мактаб тажрибаси орқали онлайн шаклда тўлақонли ўрта таълим олиш мумкинлигини ва у турли сабабларга кўра анъанавий мактабга бормайдиган ёки бора олмайдиган болалар учун қулай эканлигини исботламоқчимиз.
— Онлайн мактабда болаларни ижтимоийлаштириш муаммоси қандай ҳал этилмоқда? Ахир, менинг тушунишимча, онлайн таълимда «жонли» мулоқот мавжуд эмас?
Феруза Ваҳобова: Мулоқот бор, шунчаки рақамли форматда амалга оширилади. Биз турли фанлар бўйича танловлар ўтказамиз, болалар гуруҳ лойиҳаларини бажаришади. Бундан ташқари, биз вақти-вақти билан — ойда бир ёки ҳар чоракда бир марта — болалар учун офлайн тадбирлар, мулоқот ёки жамоавий иш бўйича тренинглар ўтказамиз, фильмлар томоша қиламиз ва муҳокама қиламиз, боулинг ўйнаймиз, кўргазмаларга, музейларга борамиз, табиат қўйнига саёҳат қиламиз ва ҳоказо.
Лола Файзиева: Шу вақтгача фақат онлайн форматда «учрашиб», биргаликда қандайдир лойиҳани бажарган болаларнинг кейинчалик жонли тарзда учрашувини кузатиш қизиқ: аввалига улар бир-бирига «синчковлик билан кўз югуртиришади», лекин шундан кейин бутунлай бошқа даражадаги алоқа ўрнатилади.
— Анъанавий мактабда муайян вазифаларни бажарадиган одамлар бор: директор, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, ўқитувчилар ва бошқалар. Онлайн мактабда анъанавий мактабда мавжуд бўлмаган вазифалар борми?
Феруза Ваҳобова: Контентни «қадоқловчи»лар бор — улар контентни рақамли муҳитда болага етказишга ёрдам беради. Дарсларни ишлаб чиқувчилар жамоасидан иборат методик бўлим мавжуд. Ҳар бир дарс — худди янги боланинг туғилишидек гап. Педагог дарс сценарийсини ёзгач, уни методик бўлим таҳлил қилади, янги авлод психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қанчалик малакали ишлаб чиқилганлигини кўради.
Ҳозирги авлод — рақамли дунё болалари, уларга динамика, маълумотларнинг кўргазмалилиги, ўйинлаштириш ёқади ва ўқитувчи дарсни режалаштиришда мотивлаштириш босқичидан бошлаб — нима учун биз у ёки бу мавзуни ўрганамиз — ўз-ўзини таҳлил қилиш учун топшириқлар билан якунлашгача ҳаммасини ҳисобга олиши керак. Онлайн мактаб ўқитувчисининг ўзи ҳам анъанавий мактаб ўқитувчисидан фарқ қилади — бу ерда оддий мактабга қараганда бироз бошқача кўникмалар талаб этилади.
Лола Файзиева: Онлайн мактабда тьюторлар бор — ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги «кўприк». Уларнинг асосий вазифаси — ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, турли вазиятларда ёрдам беришдир. Шунингдек, улар у ёки бу фанлардан орқада қолаётган болалар учун тузатиш курсларини ишлаб чиқишда ёрдам беради. Масалан, касрлар бўйича курс ишлаб чиқдик, чунки 4-синфнинг 3-чорагида болалар касрларни ўрганади, кейин таътил бошланади ва 5-синфда касрлар мавзуси бўйича топшириқлар берилади, болалар эса ёзда мавзуни унутишга улгуради. Касрлар курси бу бўшлиқни бартараф этишга ёрдам беради. Ҳозир математика орқали молиявий саводхонлик курсини ўтишни ҳам бошладик.
— Онлайн таълимни ташкил этишда сиз дуч келаётган энг катта муаммолар нималардан иборат?
Абдували Исматуллаев: АКТ кўникмалари, аниқроғи, уларнинг етишмаслиги.
Лола Файзиева: Ва йўриқномаларни ўқий олмаслик. Болалар, кўпинча уларнинг ота-оналари ҳам кўрсатмаларни ўқишни, уларга қадам-бақадам амал қилишни билмайди — умуман олганда, одамларимиз маълумотни «юзаки» қабул қилишни афзал кўради. Масалан, телефонда тизимда қандай тўғри авторизациядан ўтишни тушунтирамиз, фойдаланувчи эса: «Мен ҳаммасини қиляпман, лекин уддалай олмаяпман», дейди. Биз: «Илтимос, қадам-бақадам ҳаракат қилайлик», деймиз ва охири: «Вой, ўхшади», деган жавоб оламиз.
Феруза Ваҳобова: Яна бир жиддий муаммо — болаларнинг аксарияти ўқишни билмайди. Ўз-ўзини ташкил этиш, ўз таълими учун масъулиятни ўз зиммасига олиш, ўз-ўзини интизомга солиш каби кўникмаларга эга эмас. Боладан ёки ҳатто ота-онадан таълимнинг мақсади ҳақида сўрасангиз — кўпчиликда бу фақат шаҳодатнома олишга бориб тақалади. Хўш, бола шаҳодатнома олади, кейин-чи? Масалан, у университетга киришга қарор қилди, у ерда ҳам барибир ўқиш керак-ку ахир.
Умуман, ҳозирги болалар ўқиши ва мунтазам қайта ўқиши керак. Бу доимий ўзгариб бораётган дунёнинг талабидир.
— Бу муаммони қандай ҳал қиласиз?
Феруза Ваҳобова: Ота-оналар билан жуда кўп ишлаймиз, улар учун вебинарлар ўтказамиз. Бизда таълим масалалари бўйича маълумот юбориб туриладиган канал бор. Жумладан, онлайн форматдаги таълим ҳақида ҳам. Ота-оналар учун тушунарли тилда у ёки бу усуллар нима учун кераклиги, болаларни қўллаб-қувватлаш воситалари, таълим стратегиялари ва бошқа нарсалар ҳақидаги материалларни эълон қиламиз. Шу аснода ота-оналарнинг таълим сифатига таъсири масалаларида уларнинг билимини оширишга ҳаракат қиламиз.
Шундай ота-оналар борки, улар ўз фарзандларига ҳаддан ташқари ғамхўрлик қилади, қаерга ўқишга кириш ва нима ўқишни улар учун ўзлари ҳал қилади, фарзандларига таълимда фақат битта йўналиш беришни хоҳлайди. Масалан, ота-оналар «фарзандим дастурчи бўлади», деб қарор қилади ва боланинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлайдиган бошқа фан соҳаларини эътиборсиз қолдириб, фақат шунга ёпишиб олади.
Биз дунё доимий равишда ўзгариб туриши, технологиялар ҳам ўзгариши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Дастурларнинг тор йўналтирилганлиги ўзгаришларга мослашувчанликни таъминлай олмайди. Тасаввур қилинг, инсон 25 ёшга келиб дастурчи сифатида ўз қобилиятини йўқотади ёки шу касбнинг ўзи долзарблигини йўқотади, хўш, кейин-чи? Шунинг учун ота-оналар билан бу йўналишда жуда кўп ишлашга ва болаларнинг муваффақият истиқболларини кўрсатишга тўғри келади. Бу уларнинг ҳозирги билими ва қобилияти эмас, балки келажакда қандай инсон бўлиб етишиши билан боғлиқ.
Яна бир муаммо — меъёрий-ҳуқуқий базанинг етишмаслиги ёки қонунчиликдаги катта бўшлиқлар. Масалан, Миллий гвардиянинг мактабларда давомат билан боғлиқ муаммоларга жалб қилиниши. Мақсад болаларни мактаб таълими билан қамраб олиш, бироқ онлайн таълим олувчи болаларни ҳисобга олиш механизми ишлаб чиқилмагани сабабли, кўпинча алоҳида ҳал қилиниши керак бўлган вазиятлар пайдо бўлади.
Миллий гвардия вакили боланинг уйига келиб, «Нега мактабга бормаяпсан?», деб сўрайди. «Мен ўқияпман, лекин онлайн ўқияпман». Кейин Миллий гвардия бизга мурожаат қилади: «Ҳақиқатан ҳам фалон бола сизда ўқийдими?». Ва биз боланинг шунчаки уйда ўтирмаганини, ҳақиқатан ҳам бизда таълим олаётганини тасдиқловчи маълумотнома берамиз.
Ёки қонунчиликда ҳал этилмаган бошқа муаммо: узоқ муддатли даволанишга кетаётган ёки узоқ муддатли хизмат сафарида ота-онасига ҳамроҳлик қилаётган болалар билан нима қилиш керак, уларни қандай рўйхатдан ўтказиш керак? Ҳар бир ҳолатни Адлия вазирлиги билан алоҳида муҳокама қилишга тўғри келади, чунки бу бизнинг зиммамизга жуда катта масъулият юклайди: биз боланинг ҳақиқатан ҳам даволанишга ёки мусобақага кетаётганига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Яъни, онлайн мактаб контентини ишлаб чиқиш ёки онлайн таълимни ташкил этишнинг техник жиҳатларини ҳал қилишдан ташқари, бундай ташкилий ва ҳуқуқий масалалар ҳам ҳал қилинади.
Бизда кўриб чиқиш ва у ёки бу вазиятларда қандай ҳаракат қилиш алгоритмини ишлаб чиқишда ёрдам беришимиз мумкин бўлган кўплаб ҳолатлар тўпланган. Масалан, фарзандлари 9-синфдан кейин ўқимаган ёки қайсидир синфни ўтказиб юборган ва ҳозир ўқишни хоҳлаётган ота-оналар мурожаат қилади. Лекин қонунчиликда бундай вазиятларда нима қилиш кераклиги ҳақида ҳеч қандай тартиб-таомил йўқ. Кўпгина мамлакатларда homeschooling (уйда таълим олиш) тушунчаси мавжуд, бироқ бизда ҳали уйда таълим олишни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилмаган.
Тажриба-синов натижасида меъёрий асос — онлайн таълимни тартибга солувчи низом ва йўриқномалар пайдо бўлиши керак. Менинг фикримча, онлайн таълим турли тоифадаги болалар учун таълим олиш имкониятини очадиган шакл ҳисобланади.
Тажриба ўтказаётганимизга уч йил бўлди. Кўп нарсани бошдан кечирдик, қайта кўриб чиқдик, қайта ишладик. Жамоавий иш ва масофавий таълим соҳасидаги тадқиқотлар натижаларига асосланган илмий ёндашув ишимизнинг сифатини белгилайди.
Бу Ўзбекистондаги биринчи Edtech лойиҳаси эканлигини ҳисобга олсак, биз болалар таълими учун катта масъулиятни ҳис қиламиз. Ўргатамиз ва ўзимиз ҳам мунтазам равишда ривожланиб борамиз.
Ота-оналар бизга ишона бошлагани, болаларда эса ўқишга бўлган табиий истак қайтаётгани бизни ҳаракатга ундайди.
Шунингдек, онлайн таълим — бу мамлакатдаги мактабларда йилига 1 миллионга ўсиб бораётган ўқувчи ўринлари етишмовчилиги муаммосининг ечими ҳам, деб ҳисоблайман.