Шавкат Мирзиёев билан учрашувда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, 2025 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
2024 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 36 триллион сўм йўналтирилди, бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўп.
Бирламчи босқичда 18 мингдан ортиқ тиббий бригадалар фаолият юритади. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам хизматларида 500 дан ортиқ янги диагностика ва 800 дан ортиқ даволаш усуллари ўзлаштирилди.
Бирламчи бўғинда 6 турдаги скрининг текшируви йўлга қўйилди. Натижада 106 минг одамда қандли диабет, 194 минг нафарида юрак қон-томир, 2 мингдан зиёд аёлда саратон, мингга яқин болаларда онкогематологик касаллик эрта босқичда аниқланди.
Икки мингдан зиёд мутахассис хорижда қайта ўқитилди. Натижада ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 61 фоизга етди. 43 та йўналишдаги 191 та клиник протокол халқаро андозалар асосида янгиланди, дейилади хабарда.
Ихтисослашган марказлар ва филиалларда бу йил 100 минг бемор имтиёзли йўлланма асосида даволанди. 7 та ихтисослашган марказ сифат назорати бўйича халқаро аккредитациядан ўтди.
2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 41 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган, бу жорий йилга нисбатан 14,3 фоизга кўп. Бу маблағлар янги шифохоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш, мавжуд қувватларни кенгайтириш ва тиббий кўриклар қамровини оширишга йўналтирилади, дейилади йиғилишда.
Давлат раҳбари бу соҳадаги асосий вазифа — бирламчи бўғинда тиббиёт сифатини ошириш эканини таъкидлади. Бунинг учун вазирлик вертикалини ҳудудларда тўғри ишлатиш, айниқса, чекка ва оғир туманларга эътиборни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Бу бўйича туркиялик экспертлар 6 та ҳудуддаги тиббиёт муассасалари фаолияти ва улардаги кўрсатилаётган тиббий хизматлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматларини тизимли ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Мутасаддиларга бу масалани чуқур таҳлил қилиб, бирламчи бўғин трансформацияси бўйича қарор лойиҳаси тайёрлаш топширилди.
Ушбу йўналиш ходимларининг малака ошириш дастури такомиллаштирилади. Назарий билим ва кўникмаларни эгаллашдан компетенцияларни ривожлантиришга босқичма-босқич ўтилади.
Келгуси йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари ҳам оширилади. Оилавий шифокорларга меҳнат самарадорлиги асосида устама тўлаш тартиби жорий қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида давлат тиббий суғуртаси амалиётлари жорий этилади. Марказлашган лаборатория хизматлари кенгайтирилади. «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилиб, тиббий жиҳозлардан фойдаланиш электрон тизим орқали назорат қилинади.
Яна 35 та йўналишдаги 400 та миллий клиник протоколлар ишлаб чиқилади. 7 та ихтисослашган марказ ва 2 та олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилиб, тиббий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш, уни амалиёт билан ҳамоҳанглигини мустаҳкамлаш, битирувчиларнинг бирламчи бўғинда тажриба орттиришини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.